Аллоҳ таоло бизларни қўни-қўшниларимизга чиройли муомала қилиш, иззат икром кўрсатиш ва уларга доимо яхшилик қилишга буюради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қўшни уч хил бўлади. Битта ҳақи бор қўшни у энг ҳаққи оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Бу эса энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидирки унинг қўшничилик ҳаққи бор холос, иккита ҳаққи бор қўшни эса у мусулмон қўшнидирки унда қўшнилик ҳаққи бор ҳамда мусулмонлик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қариндош қўшнидир, унда мусулмонлик, қариндошлик ҳамда қўшничилик ҳаққлари бор қўшнидир”.
Ҳасан Басрий айтдилар: “Қўшнидан азиятни тийиш яхши қўшничилик эмас, яхши қўшничилик, қўшнидан бўлган азиятга сабр қилишликдир”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳга қасамки мўмин эмас! Аллоҳга қасамки мўмин эмас! Аллоҳга қасамки мўмин эмас!”, деганларида, саҳобалар томонидан “Ким мўмин эмас ё Расулуллоҳ?” дейилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир”, дедилар.
Муслимнинг ривоятида: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деганлар.
“Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима, ёрдам сўраса ёрдам берасиз. Қарз сўраса қарз берасиз. Камбағаллашса, рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса зиёратига борасиз, вафот этса жанозасига бориб қўшиласиз, омад кулиб боқса уни қутланг. Бошига мусибат тушса, таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурган бўлсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг! Бирон мева олган вақтингизда унга ҳам беринг. Агар бермоқчи бўлмасангиз уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирон мева бериб ташқарига чиқариб юбормангки, қўшнининг боласи шундай нарсага эга бўлмагунича бундан ўпкаланиб юрмасин. Қозонингизда қайнаган гўшт ҳиди билан уларни нотинч қилманг. Агар келтирган гўштингиздан бир парчасини унга кесиб берган бўлсангиз, гўшт ҳиди таралишининг айби йўқ”.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби