ҚУРБОН ҲАЙИТИ 31 ИЮЛЬ КУНИ НИШОНЛАНАДИ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан дунё уламолари ва йирик фатво марказларининг ҳижрий 1441 йил Зулҳижжа ойининг биринчи куни 2020 йилнинг 22 июль кунига тўғри келгани ҳамда 31 июль зулҳижжа ойининг 10-куни бўлиб, Қурбон ҳайитининг биринчи куни бўлиши тўғрисидаги маълумотларга таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Қурбон ҳайитининг биринчи куни шу йил 31 июль, жума кунига тўғри келиши биз учун янада қувончлидир.
Бу ой Аллоҳ таоло ҳаром қилган тўрт ойнинг бири, унинг аввалги ўн куни йил давомидаги кунларнинг энг улуғидир. Зеро бу кунлар ичида Арафа куни (9-зулҳижжа), Қурбонлик байрами (10-зулҳижжа) ва ҳажнинг асосий амаллари бажариладиган кунлар (8, 9, 10, 11, 12, 13 зулҳижжа кунлари) мавжуд.
Аллоҳ таоло Фажр сурасининг иккинчи оятида «Ўн кечага қасам» деб айтганда ана шу Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунига ишора қилган. Буюк Парвардигоримиз фақат ва фақат жуда ҳам улуғ нарсаларга қасам ичган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигини бошлар эканлар, шундай деб башорат берганлар:
«Бошқа кунлардаги амаллар бу кунларда қилинганчалик афзал эмас».
Демак, ушбу бебаҳо кунларни имкон қадар барча турдаги ибодатлар – намозлар, рўзалар, садақалар, Қуръон тиловатлари, Аллоҳни қалб ва тил билан тўхтовсиз зикр қилиб юриш, ота-онага хизмат, қариндошларга яхшилик, фарзу-суннат илмларни ўрганиш, таълим бериш, фарзандлар тарбияси, гўзал ахлоқли муомала, даъват ва бошқа турли-туман эзгуликлар ила ғанимат билишимиз лозим.
Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака–маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.
Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраб қоламиз.
Меҳрибон Раббимиз барчаларимизни доимо холис ниятли бўлишга, қисқагина умримизда, айниқса мана бундай улкан лаҳзаларда солиҳ амалларни кўп-кўп бажариб олишимизга муваффақ айласин. Аллоҳ таоло юртимиздан касаллик ва балоларини Ўзи кўтарсин. Омин.

Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Сирдарё вилоятидаги вакили 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan