Илм икки дунё саодатидир

Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги буюк фарздир. Қуръони каримнинг илк ояти “Ўқи!”, – деган амр билан нозил бўлган. Росулуллоҳ (алайҳис салом): “Бешикдан қабргача илм изла”, “Илмни Чин-мочинда бўлса ҳам ўрганинглар”, – деб таълим берганлар.

Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир:

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, – деб марҳамат қилган. (Мужодала сураси 11-оят)

Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломдан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Имом Бухорий ва Муслимларнинг “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳудан ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг (алайҳис солом.): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, – деганларини эшитдим”.

Инсоннинг дунё ҳаётидаги ишларини бажаришда керак бўладиган барча илмлар фарзи кифоядир. Масалан, тиб илмини олайлик. Бу илм инсон жисмининг соғ-саломат бўлишида зарур илм саналади. Яна ҳисоб (математика) илми ҳам худди шу каби мерос ва васиятларни тақсимлашда ҳамда дунё тараққиётига сабаб бўлган бошқа илмларни ўрганишда ниҳоят даражада керакли илмлардандир.

Бу илмларни жамиятдаги маълум тоифа инсонлар ўқиб-ўрганиб, у билан шуғулланишмаса, бошқа барча инсонлар тўғри йўлдан адашишади, қийинчиликка тушиб қолишади. Агар бир юртда табиб бўлмаса, юрт фуқаролари касалликка чалинишлари, ҳатто вафот этишлари мумкин. Агар ҳисоб илмини биладиган кишилар бўлмаса, бу юрт тараққиётдан орқада қолади, кишилар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар издан чиқади, мерос илми билан шуғулланиш имкони йўқолади.

Худди шунингдек, турли саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонларнинг ҳам фан-техника соҳасидаги барча дақиқ илмлар – кибернетика, дақиқ ҳисоблар мажмуаси, заррашунослик, ирсиятшунослик ва шу каби илмлардан ҳам кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади.

Илмнинг фазилати қанчалик улуғ экани ҳақида соатлаб гапириш, жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ.

Ҳакимлардан бири: “Агар олим киши вафот этса, унинг вафотига сувдаги балиқлару, осмондаги қушлар ҳам йиғлайди, унинг жисми йўқ бўлса-да, фойдали илми ва номи унутилмайди”, – деган экан.

Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. “Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлардан, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.

Кишилик тарихида ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашиб-сийқаланса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши мумкин. Бунга тарихда мисоллар кўп. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқининг тубанлашмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодалар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар.

 

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Хуснобод”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan