Экстремистлар ва диний ақидапарастлар хорижий давлатларда ўзларининг фаолиятларини кенг тармоқда олиб борган бўлсаларда, ҳозирги МДҲ давлатлари ҳудудларига кириб келишлари ХХ асрнинг охирларига бориб тақалади. Бунда собиқ Шўро давлатининг парчалиниши, бошқа мустақилликка эришган ёш давлатлар қатори Ўзбекистонда ўтиш даврининг вужудга келганлиги уларга жуда катта қулайлик яратиб берган. Бунда биз эски коммунизм догмасига асосланган мафкурани рад этиб, бутунлай янги эркин фикрларни ва ҳар томонлама демократик муносабатларни ёқлаб чиқувчи мафкурани қабул қилишимиз, демак эскини ўрнига янгини қабул қилишга ҳаракат этганимиздир. Инсон онги эскича дунёқарашни бирдан рад эта олмайди ва янги дунёқарашни бирдан қабул эта олмайди. Бу жуда мураккаб жараён.
Ҳеч кимга сир эмаски, инсоннинг қалби ва онгини эгаллаш, айниқса ёшларнинг маънавий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган бугунги ўта нотинч замонда ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб, она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган, имон-эътиқоди мустаҳкам ёш авлодгина муқаддас заминимизни ёт ва бегона таъсирлардан, бало-қазолардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга қодир бўлади. Барча таҳдидларга қарши курашишнинг восита, омил ва усуллари ишлаб чиқилган.
Ҳозирги кунда ҳар бир ота ўз фарзандларини келажакда соғлом фикрли, бунёдкор ғоялар соҳиби қилиб, киндик қони тўкилган ўз ватанига садоқатли фарзанд этиб тарбия қилиши учун, аввало тарбия берувчи уйдаги ота-она, боғчадаги тарбиячи, мактаб ва олийгоҳларда устоз ва мураббийлар ўзлари ҳақиқий Ислом ақидаларини яхши тушуниши, ақида, дин, шариат ўзи аслида нима эканини яхши билишлари шарт. Шундагина бизнинг ва шу жаннатмакон диёримизнинг келажаги бўлган ёшларимизни ҳар қандай оқимлардан экстремистик гуруҳлардан ҳимоя қила оламиз.
Фозилхон АБРОРОВ
Ховос тумани “Хазрат” жоме
масжиди имом-хатиби