Мўмин киши ёлғончи бўлмайди

 Инсон  табиатида  яхши сифатлар билан ёмон сифатлар ёнма–ёндир.  Ақлли  инсонлар  яхши сифатларини  асраб, камолига  етказади, ёмон  сифатларнинг  зарарини  билиб, улардан  халос  ва  саломат  бўлади.
Мўмин  киши  ёлғончи  бўлмайди
Инсон  табиатининг  ёмон сифатларидан  бири  ёлғончиликдир. Кимдир  фойда  кўриш  ё  зарарни  кетказиш  учун  ёлғон  сўзлайди.  Шу  йўл  билан  фойда  кўрмоқчи  ё  балодан  қутилмоқчи  бўлади.
 Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайсҳи васаллам)  бундай  деганлар : “Рост сўзда хатар кўрсангиз ҳам, рост сўзланг! Нажот  рост сўздадир.  Ёлғон  сўзда  нажот кўрсангиз ҳам, ёлғон гапирманг! Хатар ёлғон сўздадир”.
Кимдир  суҳбатдошларини  ўзига  жалб  қилиш  учун  ёлғон  ишлатади. Улар ночор  ва паст инсонлардир. “Тилсизлик  ёлғончиликдан  яхшидир”. Бу ҳикмат, эҳтимол, улар ҳақида айтилган. Кимдир душманидан ўч  олиш мақсадида  ёлғон  гапиради.  Ёлғонни  душманига  қарши  қурол  қилади.

 Бўлмаган қабиҳликларни  тўқиб, душманига ёпиштиради. Шунинг учун динимизда кишининг душманига қарши гувоҳлик бериши рад қилинган. Ёлғончилик барча ёмонликларнинг манбаи, ҳамма разилликларнинг асли, оқибати  бахтсизлик, самараси  тубанлик  бўлган  иллатдир.

Ёлғондан туҳмат, туҳматдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Ёлғончилик шахс ва жамиятга ана шундай зиёнлар келтириши боис  динимизда  ҳаром  қилинган. Софвон ибн Сулайм бундай ривоят қилади “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайсҳи васаллам ) дан  сўрашди ; “Мўмин қўрқоқ  бўладими ?   “Ҳа” , деб  жавоб  бердилар. Яна  сўрашди ;  “Мўмин  бахил  бўладими?”   “Ҳа”, дедилар.  Яна  сўрашди ; “Мўмин ёлғончи бўладими ?” “Йўқ”, деб инкор қилдилар”.

Мирзаоб тумани
“Мўлла Ботир” жоме 
масжиди имом хатиби. 
Фарҳод Бегманов

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan