«Оммавий маданият»нинг салбий оқибатлари

 

  Сўнги пайтларда юртимизга четдан кириб келаётган ахборот оқими натижасида нафақат янгиликлардан хабардор бўлаяпмиз, балки уларда яширинган, менталитетимиз, миллий ва диний қадриятларимизга зид ғояларга ҳам дуч келаяпмиз. “Оммавимй маданият” ёшларимизнинг кийиниш маданиятига, тарбиясига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Глобаллашув жараёнлари оммавий маданиятни жадаллаштирмоқда. Бу ниқоб остида аҳлоқий бузуқлик, фаҳш, зўрлик ғояларини тарқатиш, бошқа халқларнинг асрлар давомида сайқал топиб келаётган миллий ва диний анъана ва қадриятларига               ҳурматсизлик, беписандлик, уларни йўқ қилишга қаратилган таҳдидлар ҳар қандай маънавияти тўкис кишини ташвишга солмай қўймайди.
   Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.
    “Оммавий маданият” таъсири остида турли компьютер ўйинлари, фантастик, қотиллик, маиший бузуқликни ошкора тарғиб қилувчи фильмлар, ишқий фаҳш ишларининг батафсил тафсилотлари, шаҳвоний клиплар ҳам кириб келмоқдаки, буларга бефарқ бўлиш асло мумкин эмас.
  Энг ёмони, бундай ҳуружлар ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатишга уринмоқда. Бундай таҳдид ва ҳуружларнинг асл моҳияти, уларнинг ғаразли мақсадлари, намоён бў­лиш шаклларини ўзимизга аниқ тасаввур қилиб, бу борада нафақат ҳимояланиш, айни пайтда бунга қарши курашиш усулларини пухта эгаллашимиз керак.
  “Оммавий маданият”га, турли таҳдидларга қарши курашишда, аввало оилада маъна­вий тарбиявий муҳит муҳим ўрин тутади. Маъна­вий тарбия оилада, сўнгра эса маҳаллада шакллантира олинса, бунда ҳеч қандай маънавий бўшлиққа жой қолмайди.
  Одатда, оналар ўз болаларининг хато ва камчиликларини отасидан яширишга ҳаракат қиладилар. Айтсам уришади, боламга қаттиқ тегади деб, йўл қўйган  хатолари, қўл урган майда-чуйда жиноятларини отасига ўз вақтида айтмайдилар. Натижада, бола ўз вақтида танбеҳ олмаганидан кейин бора-бора каттароқ жиноятларни ҳам қўрқмасдан қилаверишга ўтиб қолади. Шунинг учун фарзанднинг баркамол инсон бўлиб етишувида онанинг хизмати жуда зарур ва муҳимдир.
   Оила – тарбия маскани ҳисобланади. Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Хар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яхудийга айлантириб юборадиган хам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган хам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти).
   Шундай экан, фарзанд энг биринчи тарбияни оиладан олади. Оила мана шу боланинг жамиятдаги ўрнини топишида ва ҳаётда мустақил яшашга ўрганишдаги катта восита ҳисобланади. Демак, фарзанд тарбиясида биринчи навбатда оила аъзолари мустаҳкам турмоғи лозим бўлса, маҳалла, жимият фаоллари ундан кейин туради. Уларни сустлашиши ёки бееътиборлиги натижасида эса, маълум бўлиб бораётганидек кўнгилсизликлар кузатилади. Бола бетарбия бўлиб улғаяди. Жамиятга зарар етказиш, давлатига ҳиёнат қилиш, динига хилоф ишларни қилиш каби иллатлардан ҳам тойимайдиган бўлиб улғаяди.
   Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёхвандлик, аҳлоқсизлик, маънавиятимиз, анъаналаримизга ёт бўлган “оммавий маданият”дан, турли ахборот ҳуружларидан муҳофаза қилиш барча ҳуқуқ-тартибот идоралари сингари шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигини англаб етишимиз ҳамда зарарли иллатларга қарши курашишнинг ташаббускори, етакчисига айланишимиз шартдир.

Сирдарё вилояти вакил ўринбосари Абдурауф ЁРБЕКОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan