Инсонлар ҳаётни доимо роҳатбахш бўлади деб ўйласа, катта хатога йўл қўядилар. Бу фақат жаннатда бўлади. Бу ҳаёти дунёда эса бахт тушунчаси нисбийдир.
Бизнинг хоҳишларимиз ҳар доим ҳам амалга ошавермайди: ёқимсиз ҳолатлар, касалликлар, синовлар..
Келинг, бахтли онларимизда шукр қилиб, синовли вақтларда сабрли бўлайлик! Мустаҳкам соғлиқ ва касалликлар бўлмаслигини, бойлик ва бекаму кўст шароитлар, ҳеч бир қайғу соя солмаган бахт, салбий сифатлари бўлмаган умр йўлдоши ва камчиликларсиз дўстларингиз бўлишини кутманг. Инсонларнинг камчилиги ва нотўғри амалларига эътибор бермасликни, уларнинг ижобий сифатлари ва яхши ишларига эътибор қаратишни ўрганайлик. Инсонлар ҳақида яхши гумонда бўлайлик ва уларни оқлаш учун сабаб (узр) топайлик.
Умидимизни эса ёлғиз Аллоҳга боғлайлик. Инсонларга ўз ҳаётимизни топшириб қўймайлик ва умидимизни боғламайлик.
Эртага нима бўлишини билиб бўлмайди. Бутун олам ва коинот Яратганнинг измида. 2020 йил кириб келиши арафасида коронавирус деб аталмиш бир бало ёпирилиб келаётганини биз ғофил бандалар қаердан ҳам билардик. Мана, коронавирус беш ойдирки, бутун дунёни ларзага солмоқда. Бой-ю камбағал, шоҳ-у гадо деб ўтираётгани йўқ. Мол-дунё, бойлик, амалига ҳам қиё боқмаяпти. Инсон нақадар ожиз эканлигини эслатиб қўяётгандек гўё. Ер юзида табиий офатлар, урушлар, турли касалликлар бўлиб туради. Буни ОАВ орқали кўриб-билиб турамиз. Лекин бундай офатлар бизга раҳна сололмайдигандек. Биздан узоқда-ку деб, гўё бизга даҳли йўқдек одатий турмуш ташвишларига кўмиламиз. Дунё тарихида бундай офату балолар, қирғинбарот урушлар бўлиб турган. Инсоният бошига кўп кулфатлар келтирган Иккинчи жаҳон уруши ҳам биздан тобора узоқлашяпти, у фақат хотиралар, филмлар, китобларда қолмоқда. Унинг бутун даҳшатини ҳис қила олмаймиз. Бугун эса коронавирус дунё чегараларини бузиб ўтмоқда. Оталаримиз, ака-опаларимиз ҳам ер юзини кенг қамраган бундай офат бўлганини эслай олмайди. Инчунун, биз ҳам. Гўё ҳаммаси тушда бўлаётгандек, уйғониб кетасиз-у, ҳаммаси ўтиб кетадигандек. Афсуски, бу туш эмас. Ҳаммаси бизнинг замонамизда, кўз олдимизда содир бўлмоқда.
Олам сукунатга чўмган! Мувозанат! Оламнинг мувозанати бузилдими? Дор устида юрган дорбоз мувозанатини йўқотса, ҳалокатга учраши муқаррар. Дунё яхшилик ва ёмонлик мувозанатига қурилган. Фаҳш ишларимиз, ғийбат, бировга чоҳ қазиш, ҳасад каби ёмон иллатларимиз билан дунё тарозисининг мувозанатини бузиб юбормадикмикин? Коронавирус Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.
Қуръони Каримда Аллоҳ инсонларни нималар билан синашини маълум қилар экан, ушбу синовларни қандай қабул қилиш керак эканлигини ҳам тушунтиради: “Албатта биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”,- дейдиган сабрли кишиларга хушхабур беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчидирлар. (Бақара сураси, 155-157 оятлар).
Юқоридаги каби бало-офатлар тарқалганда бандалар янада ибодат, зикру тасбеҳга, истиғфорга зўр беришлари, доимо дуо қилиб, Аллоҳ таолодан офият сўрашлари керак бўлади. Аллоҳ таоло дунёдаги мўмин-мусулмонларни, жумладан юртдошларимизни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин.
Ҳусан АТАКУЛОВ
Боёвут тумани “Имом ал-Бухорий”
жоме масжиди имом-хатиби