Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандаларига беш вақт намозни фарз қилди. Чунки намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, балки бадани, кийим-боши ва ҳамда макони ҳам пок бўлади. Ҳозирда ҳеч кимга сир эмас, намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур бўлган ибодатдир. Намозхон киши ҳилм, мулойимлик, хотиржамлик, шошилмаслик ва сабр каби кўплаб инсоний ва юксак фитрий фазилатларга эга бўлади. Аллоҳ таоло намознинг фазилатини Ўз китобида шундай зикр қилган:
“Ва намозни тўкис адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарадир. Аллоҳ таолонинг зикри (барча нарсалардан) улуғдир”.
Шу оят борасида муфассирлар айтадиларки, агар намозхон киши гуноҳи кабираларни, фаҳш сўзларни ва мункар, яъни Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан қайтмаган бўлса, яъни шу ишларда бардавом бўлса, демак унинг намози Аллоҳ таолога мақбул эмаскан. Чунки Аллоҳ таоло – Албатта, намоз фаҳш ва мункар (қайтарилган) ишлардан қайтарадир. – деб айтаяпти, демак намоз бизларни фаҳш ва мункар ишлардан қайтарар экан, ҳақиқий намозхон одам бундай қабиҳ ишларни қилмайди, тўғрироғи, унинг намози бу ишларга йўл қўймайди. Шундай қилиб, агар намозхон киши Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан тийилмаган экан, билсинким, унинг намоз Аллоҳ таоло наздида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Демак, у инсон ўқиётган намозига эътибор берсин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Беш вақт намознинг мисоли эшикларингиз олдидан оқиб ўтаётган суви кўп дарё кабидир. Унда ҳар куни беш маротаба ювинган одамнинг танасида кир қоладими?” деганларида. Саҳобалар : Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди – дейишди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ таоло беш вақт намоз билан хатоларни ювади” -дедилар.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар». Яъни Аллоҳ таоло хоҳласа кечиради, хоҳламаса йўқ.
Демак, бизлар азиз мусулмонлар ҳаётимиз давомида, ҳар қанақа шароитда беш вақт намозни тарк этмасдан доимо ўқиб юрсак, Холиқи зул жалолнинг Ўзи ваъда бераяптики – Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Мана шунинг учун, жаннату ризвонни фақат беш вақт намознинг ўзи билан ҳам нақд қилиб қўйиш мумкин экан. Беш вақт намоз билан гуноҳлар кечирилса, беш вақт намоз билан баданию руҳи пок бўлса, беш вақт намоз билан бу дунёси файзи футуҳли бўлса, беш вақт намоз билан жаннатга эришса, яна банда учун нима керак. Бундан ортиқ бахт борми дунёда?!
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Қиёмат кунида барча халойиқ – инсу жин бир тепаликда жам бўлади. Барча умматлар чўк тушган ҳолда сафланади. Шунда бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бугун иззат-икром соҳибларини билиб оласизлар, Аллоҳ таоло ҳамма ҳолларда ҳамд айтувчилар ўринларидан турсин” дейилганида. Улар туриб, жаннатга кетишади, кейин яна нидо қилади: “Бугун иззат-икром соҳибларини билиб оласизлар. Ёнбошлари ўрин-жойларидан узоқ бўлган, қўрқув ва умид билан Роббиларига дуо қилган, биз берган ризқлардан инфоқ-эҳсон этган зотлар турсин”дейилганида. Улар туриб, жаннатга кетишади. Кейин учинчи марта нидо қилади: “Бугун иззат-икром соҳибларини билиб оласизлар. Тижорат ва олди-сотди Аллоҳ таолони зикр этишдан намозни қоим қилишдан, намозни қоим қилишдан ва закот беришдан тўсиб қўймаган кишилар турсин”дейилганида. Сўнгра улар ҳам туриб, жаннатга кетишади”.
Зикр қилинишича, иблис аввалги замонларда кўзга кўринар эди. Бир киши ундан: -Эй Абу мурра, нима қилсам сендек бўламан? – деб сўради. Шайтон: – сени ҳолинга вой бўлсин, ҳеч ким бу нарсани мендан талаб қилмаган эди. Сен қандай қилиб талаб қиласан? – деди. Ҳалиги киши айтдики: – мен шуни яхши кўраман. Иблис унга қараб: – менга ўхшашни хоҳласанг, намозни енгил билиб, унда дангасалик қил ва тўғри нарсага қасам ичаяпсанми, нотўғри нарсага қасам ичаяпсанми, парво қилма – деди. Шунда ҳалиги киши: “Батаҳқиқ, мен Аллоҳ таоло билан аҳдлашдимки, намозни ташламасликка ва ҳеч ҳам қасам ичмасликка”, деди. Иблис шунда деди: – Сендан бошқа ҳеч ким ҳийла қилиб мендан таълим олмаган эди ва мен Аллоҳ таоло билан одамларга насиҳат қилмайман, деб аҳдлашган эдим.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш вақт намоз ва жумадан жумагача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффоротдирлар. Модомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса!” дедилар.
Усмон разияллоҳу анҳу биз билан ўтирган эдилар, муаззин келди. Усмон разияллоҳу анҳу сув олдириб, таҳорат қилдилар, кейин: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мен қилгандек таҳорат қилганларини кўрганман ва: “Ким мен қилгандай таҳорат олиб, пешин намозини ўқиса, Аллоҳ таоло у намози билан бомдод намози орасида бўлган гуноҳларини кечиради, кейин асрни ўқиса, Аллоҳ таоло аср билан пешин орасидаги гуноҳларини кечиради. Сўнг шом намозини ўқиса, Аллоҳ таоло шом билан аср ўртасида ўтган гуноҳларини кечиради. Кейин хуфтон намозини ўқиса, хуфтон билан шом намози орасида бўлган хатоларини кечиради. Сўнг ётади ва думалаб кечани ўтказади. Сўнг туриб, таҳорат қилиб, бомдод намозини ўқиса, Аллоҳ таоло бомдод ва хуфтон намози орасидаги гуноҳларини кечиради. Бу яхшиликлар ёмонликларни кетказади”, деганларини эшитганман – дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан кейин беш вақт намоз ҳақида гапиришликни тўхтатса ҳам бўлади, чунки бунчалик неъмат, нақадар енгиллик ва нақадар башоратларнинг кўплиги. Энди қандай инсон бўлиш керакки бунчалик ваъдалардан сўнг ҳам намоз ўқимаса.
Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига дедилар: “Сен Аллоҳ таолога кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ таоло учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ таоло сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради”.
Кимики Аллоҳ таоло даргоҳида мақоми баланд бўлишини хоҳласа, олий мартабада бўлишни истаса, бандачиликда қилиб қўйган хатоларини кечирилишини хоҳласа, бўш пайтида намоз ўқисин, кўпроқ сажда қилсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охиригача умматлари учун намоз ўқишликни васият қилдилар.
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.нинг видолашув ҳажларида хутба қилиб: “Аллоҳ таолога тақво қилинглар, беш вақт намоз ўқинглар, рамазон ойи рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва раҳбарингизга итоат этинглар – Роббингизнинг жаннатига кирурсиз” деганларини эшитдим.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби