Ан-Наввас ибн Самъон ал -Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот : «Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёктирмаган нарсангдир», дедилар».
Шарҳ: Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Восила ибн Маъбат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради: «Расулуллоҳ соллвллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига У зотдан яхшилик нималигини сўраб бордим. Шунда у зот: «Яхшилик хақида сўрагани келдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим.
Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқиган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам», дедилар.
Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида: «Яхшилик -фарзу вожибларни қилиш, ҳаромдан хазар қилиш, одамларга очиқ юз билан караб, уларга эҳсон қилиш», дейилган.
Ёмонлик кишини фикрига келган кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилганини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.
Дарҳақиқат, разм солиб, мулоҳаза қиладиган бўлсак, ёмонликни қилаётганда ёмонларнинг ўзларининг ҳам кўнгиллари тўлмайди ва қилаётган ишини одамлардан беркитади .
Бу ҳадиси шарифда «Яхшилик ҳусни хулқдир», дейилмокда. Албатта бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, бу ҳадиси шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини ҳам билиб оламиз. Шулардан энг улуғи ота-онага яхшилик. Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” деган («Исро” сураси, 23-оят).
Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир, бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб ҳеч нарсага ярамай колганида қилиниши керак бўлган хуш муомала ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғи бўлиб, бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.
Бахромжон ИСМАНОВ
Сирдарё тумани «Пахтакор»
жоме масжиди имом–хатиби