Ёшларда бағрикенглик тушунчасини шакллантириш

Тарихга назар ташлар эканмиз, қадриятлар муаммоси туб бурилишлар даврида долзарб аҳамият касб этганига, инсон маънавий-руҳий изланишлари натижаси бўлган янги бир сифатий ҳолат юзага келиши учун замин яратганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ана шу изланишлар ҳосиласи бўлган тарихнинг бурилиш паллалари ҳам инсоният тараққиётининг узвийлигини, бир даврда ҳукмрон бўлган, умуминсоний мазмун билан суғорилган қадриятларнинг янги қадриятлар дунёсига замин тайёрлашини кўрсатади. Бунда бағрикенгликка асосланган қадриятларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, жамият турли ижтимоий қатламлар, этник, маданий, лисоний, конфессионал гуруҳлардан иборат бўлган ҳозирги даврда бағрикенглик ўзаро мулоқотнинг ҳурмат ва энг юксак инсоний қадриятларга асосланишини, жамиятда тотувлик ва ҳамжиҳатлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бағрикенглик нафақат инсонлар, балки давлатлар, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик риштаси ҳисобланади. Унинг туб маъноси қуйидагича изоҳланади:

Бағрикенглик – бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади.

Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда ҳур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий кучгина эмас, балки сиёсий ва ижтимоий эҳтиёж ҳамдир. У тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир.

Айни вақтда, катталар билан бир қаторда энди униб-ўсиб келаётган ёшлар – янги авлод вакиллари онгига ҳам бағрикенглик туйғусини сингдириш, уларда меҳр-оқибат, садоқат каби хислатларни шакллантириш умуминсоний қадрият даражасига етди. Сабаби эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг бу борадаги билими ва кўникмаси не машаққатлар ила қураётган келажагимизнинг пойдевори янада мустаҳкам бўлишига асос бўлади. Ўзбек халқини азал-азалдан меҳмондўст мамлакат сифатида эътироф этишади. Бироқ яқин ўтмишда бу сўз олдига яна бир таъриф – бағрикенг сўзи қўшилди. Бу бекорга эмас, албатта. Чунки Ватанимизнинг халқпарварлиги, инсонларимизнинг бир-бирига меҳр-оқибатлилиги ўртадаги тинч муҳитни яратишга имкон яратди ва бу ҳолат кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда.

 

Бахром АБРОРОВ
Боёвут тумани “Исмоил Бухорий”
жоме масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan