Жаннатдаги кўшк соҳиби

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Сахий одам Аллоҳ таолога ва халойиққа ва жаннатга яқиндур, аммо дўзахдан узоқдир. Бахил одам Худодан ва инсонлардан ва жаннатдан узоқдир, лекин жаҳаннамга яқиндир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдедилар: “Саховат деган бир дарахт борки, унинг танаси жаннатда, шохлари эса бу дунёда. Ҳар ким уни шохини тутса, у кишини жаннат тарафига тортар. Инчунин, бахиллик деган бир дарахт борки, танаси дўзахда, унинг шохлари ҳам бу дунёда. Кимики уни шохини тутса, уни дўзах томонига тортар”.

Муҳаррам ойининг 10-куни – Ашуро куни фақир киши, мусулмон деб билган бадавлат одамга ашуро учун илтимос билан келди.

  • Биродар, – деди фақир – маълумингиз бугун ашуро куни. Уйда бола-чақа учун ашуро оши пиширмоқчи эдим, қўлим калталик қилиб қолди. Аллоҳ розилиги учун озгина ёрдам беринг- деди.
  • Майли, фақат ҳозир ишим бор. Пешин намозини ҳали ўқимадим. Намоздан кейин кел, – деди бадавлат мусулмон.

Фақир одам пешин намозидан кейин келди.

  • Ҳозир ишим бор. Асрдан кейин кел, – деди бой.

Фақир одам асрдан кейин келди. Бу сафар бой мусулмон :

  • Э-э, ҳеч тушунмайдиган бефаҳм экансан-ку, – деб фақирни ҳайдади.

Фақир бошини эгиб, бой дўконидан чиқиб кетар экан, ёрдам бермаган одамнинг бир ғайримусулмон қўшниси уни чақирди ва:

  • Қўшнимдан нима сўраган эдинг, бердими сўраганингни? – деди.
  • Бугун биз мусулмонларнинг ашуро кунимиз. Ашуро учун бироз ёрдам сўраган эдим, бермади. Усталик билан ҳайдади – деди ғариб.
  • Болаларингга ашуро оши пишириш учун сенга қанча пул керак бўлади? – сўради ғайримусулмон.
  • 10 танга етарли – деди фақир.

Ғайримусулмон фақир мусулмонга сўраганини берди, кўнглини олди. Фақир одам дуолар қилиб, “Аллоҳ сенга ҳидоят берсин!” деб севиниб уйига равона бўлди. Уйига бориб бола-чақасига ашуро оши қилиб едирди.

Ўша кечаси хасис мусулмон тушида ажойиб кўшк кўрди ва ҳайрат билан: “Бу кўшк кимники?” деб сўради. “Бу кўшк сеники эди, фақат бу гўзал кўшкни қўлдан бой бериб қўйдинг” дедилар. “Қандай қилиб?” деб сўраганида. “Кеча сенинг ҳузурингга келган ғарибнинг кўнглини олиб, унга бир ашуролик садақа берганингда бу кўшк сеники бўларди. Бу кўшк ул фақирнинг кўнглини олганга берилди. Бунга ғайримуслим қўшнинг эришди” дедилар.

Хасис бой мусулмон зўрға тонг оттириб, саҳарда дўконига борди. Қўшниси келганида, бадавлат мусулмон унга: “Фақир одамга кеча қанча садақа бердинг” деди. “Нега сўраяпсан?” деди ғайримусулмон қизиққанидан.

  • Икки марта кўпроқ бераман сенга – деди хасис мусулмон.
  • Сен кўрган тушни мен ҳам кўрдим. Қўшни, мен мусулмон бўлдим – деб жавоб берди қўшниси. “Охирги пушмон ўзингга душман” деганларидек ҳалиги хасис бой надомат чекиб қолди.

Бир кўришда саховатли, қўли очиқ,  тақводордай кўринади. Унга агар “Эй дўстим, Аллоҳ йўлида молингни сарф қил” дейилса, ана шунда унинг асл юзини, кимлигини кўрасиз. Кейин дийдиёларни эшитинг, шу молни бермаслик учун ҳар хил баҳона ахтаришади, худди унинг молига Аллоҳ таоло муҳтождек.

Ким бахиллик қилса, хасислик қилса ўзига қилибди. Агар берганида ўзининг охиратдаги захираси бўлади. Ўзининг ажр китоби савобга тўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни саховатли, элни корига ярайдиган, йиқилганни қўлидан тутадиган, мухтож кишиларни ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашадиган танти кишилардан бўлишимизни насиб қилсин.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan