Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади ва у жой жуда қадрли ва қимматли даргоҳ бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.
Инсон бу неъматларни қадрига етиши керак, ҳар доим эътироф қилиб туриши керак.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди”
Ношукр инсонлар орамизда учраб туради. Уларга парво қилманг, чунки уларни Худони Ўзини уриб қўйган. Уларда шукр қилишлик неъмати йўқ. Улар доимо Аллоҳнинг ғазабида. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:
“Кимики эрталаб дунёдан хафа бўлиб уйғонса, Аллоҳнинг ғазабида уйғонибди. Кимики эрталаб озгина қийинчиликларга ношукрлик қилиб турса, ношукрчилиги Аллоҳга етади”.
Муборак кунларда турибмиз, дуолар ижобатини сўраб кўпроқ дуо қилайлик Аллоҳ таоло бизларга берган неъматларини янада зиёда қилсин, иймону қадриятларимизни қайтишига сабаб бўлган мустақиллигимиз қиёматга қадар давом этсин. Юртимизни ёмон кўзлардан, фитнаю фасодлардан, балою офатлардан, душманларнинг ёмонлигидан Парвардигорнинг ўзи асрасин!
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби