Тақво – буюк фазилат

 “Тақво” сўзининг асл маъноси инсон ўзи қўрқадиган нарсадан сақланишидир. Шариат истилоҳида “тақво” ўзини турли маломат ёки азоб-уқубатлардан сақлаш ва эҳтиёт қилиш бўлиб, бунинг учун азоб ва ёмонлик сабабларидан узоқда бўлиш ва Аллоҳ неъматлари ва мукофотларига сазовор қиладиган ҳамда нажот берадиган вожиб амалларни адо этишдир.

Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир!

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ҳақиқий тақво ҳақида бундай дейди: “Тақво – бу Аллоҳга итоат қилиб, Унга осий бўлмаслик, Уни эсдан чиқармай зикр этиш, Унга шукр айтиш, асло куфроний неъмат қилмасликдир”.

Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада: тилда, қалбда, кўзда, меъдада, қўлда, оёқда, итоатда намоён бўлади. “Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон, беҳуда сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳдан қўрққан киши қалбини ҳасад, кўролмаслик, душманлик, хусумат каби иллатлардан фориғ этади. У кўзини ҳаромдан асрайди, дунёга ҳирс эмас, ибрат назари ила боқади. У меъдасини шубҳали ва ҳаром нарса билан тўлдирмайди. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди. Исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади, риё, иккиюзламачиликдан сақланади”.

Қуръони карим оятлари барчани тақвога чорлайди, унга қизиқтиради ва шунга буюради. Аллоҳ азза ва жалланинг “Аллоҳдан қўрқинг” сўзи Ўзининг каломи шарифида ўнлаб ўринларда зикр этилган:

 “Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!”. (Ахзоб сураси 70 оят)

Анфол сурасида эса:

“Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир”.

Агар Қуръони карим оятларини чуқур мушоҳада қилсак, ҳақиқий тақво инсонлар ўртасида чиройли ва мустаҳкам дўстлик, қардошлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашини ва ривожлантиришини кўрамиз. Аллоҳ таоло бундай баён қилади:

“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар”. (Зухруф сураси 67 оят)

Барчаларимиз тоқатларимизга яраша тақво йўлини тутишимиз ва бунга жиддий ҳаракат қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга хитоб қилиб бундай дейди:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!”. (Оли Имрон сураси 102 оят)

Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад (алайҳис салом) бу ҳақда барчамизга нур ва зиё, ҳидоят ва салоҳият, қисқа аммо сермаъно ва мазмунли ҳадиси шарифлари билан “тақво” нима эканини баён қилиб, бундай деганлар:

“Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил! Гуноҳ қилиб қўйсанг, ортидан дарҳол савобли иш қил, бу гуноҳни кетказади. Одамлар билан чиройли муомалада бўл!”. (Ахмад, Термизий, Байхақий ривоятлари.)

Тақво қилиш ҳақида Ҳазрати Расул Акрам (алайҳис салом)нинг охирги ҳажда қилган хутбалари диққатга сазовордир. Унда шундай дегандилар: “Аллоҳдан тақво қилингиз! Беш вақт намозни адо этингиз! Рамазон ойининг рўзасини тутингиз! Молларингиз закотини адо этингиз! Бошлиқларингизга итоат қилингиз! Шунда Раббиларингизнинг жаннатига кирасизлар” (Имом Термизий ривоятлари).

Агар мўмин-мусулмонлар ҳаётида тақво ўз ўрнини топса, албатта уларга улуғ ажру мукофотлар, савоблар ҳосил бўлади.

Ботир Носиров
Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan