Умр ғанимат

Ислом дини мусулмон кишиси ўтаётган ҳар бир куни ва соатидан унумли фойдаланишга тарғиб ва ташвиқ қилади. Зеро, вақтнинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш, дин ва дунёда манфаат берадиган, миллат ва элга яхшилик қилиш, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган хайрли ва савобли ишлар билан машғул бўлиш барчанинг, хусусан биз мусулмонларнинг ҳам муҳим вазифасидир. Чунки, вақтининг қиймати бебаҳодир.

Бу ҳақда уммавийлар амири Умар ибн Абдулазиз шундай дейди: “Кеча ва кундуз сенинг вужудингда ўз ишини кўрсатаяпти, демак, сен ҳам уларга амал қилиб қол.

Ҳақ таоло инсон учун берилган умрни беҳуда ўтказмай уни яхшилик ва савоб ишларида сарфлашга ва охиратда зое қилинган умр учун афсус-надомат чекмаслик ҳақида огоҳлантириб, шундай дейди: “Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!.”. (Фотир сураси 37 оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис салом) ўз ваъзларида шундай деб марҳамат қиладилар: “Сен беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билгин: ёшлигингни қарилигингдан аввал, саломатлигингни касал бўлишингдан аввал, бойлигингни фақирлигингдан аввал, бўш вақтингни бир ишга машғул бўлмасингдан аввал ва ҳаётлигингни ўлимингдан аввал ғанимат билгин”, – дедилар.(Термизий ривояти)

Ҳасан Басрий (роҳматуллоҳи алайҳи)дан ривоят қилинган ушбу ҳикматда шундай дейилган: “Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки мен қиёмат кунигача қайтмайман, деб айтади.”

Барчаларимиз ўтаётган ҳар сония, дақиқа ва кеча-кундузларимиздан ибрат олмоғимиз ва фойдаланмоғимиз керак бўлади. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскитади, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни улуғ ёшга киритади, кексаларни боқийлик сари яқинлаштиради. Шунинг учун ҳам умрни ғанимат билмоғимиз ва уни энг фойдали ва савобли ишлар билан ўтказмоғимиз керак бўлади.

  

Латифхўжа ДАДАХОНОВ
Сайхунобод тумани “Абдуолим ота”
 жоме масжиди имом ноиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan