Ҳазрати Ҳасан Басрий ўз давраларида бир жамоа кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳасан Басрий “Истиғфор айтинглар” деб маслаҳат берадилар. Иккинчи киши келиб, камбағалликдан, ризқининг торлигидан, учинчи киши бепуштликдан, фарзандсизликдан нолишибди. Уларнинг барчаларига битта маслаҳат “Истиғфор айтинглар” деб буюрибдилар. Шунда даврадаги суҳбатдошларидан Робийеъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга: “Эй Имом, сизнинг ҳузурингизга ҳар хил инсонлар келиб, турли хил шикоятлар қилдилар, аммо сиз эса уларнинг барчасига бир хил маслаҳат бердингиз, бунинг сабаби нима?” Ҳасан Басрий бу берилган саволга юқоридаги оятни ўқиб берибдилар: “Ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир. У Зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зот эканлигини топади”(Нисосураси, 110-оят)
Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло Ўз бандаларига карами, авфи, ҳилми раҳматининг кенглигини ва мағфиратининг беқиёслиги ҳақида хабар бермоқда. Кимки кичикми-каттами гуноҳ қилса-ю, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳни кечиримли ва раҳмли Зот эканлигини топади. Гарчи гуноҳлари тоғдан ҳам, осмону ердан ҳам катта бўлса ҳам”.
Демак, мусулмон киши билиб-билмай бирор ёмонлик содир этиб қўйса, дарҳол истиғфорга, тавбага шошилиши лозим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдиларки: “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан қутулишни насиб қилади. Ҳамда уни ўйламаган жойдан ризқлантиради”.
Зуннуни Мисрий айтадилар: “Одам боласининг ҳар бир аъзоси учун тавба зарурдир. Қалбнинг тавбаси ман қилинган нарсаларни ният қилишни тарк этишдир. Икки кўзнинг тавбаси Аллоҳ ҳаром қилган нарсага қарашдан уларни тийишдир. Икки қўлнинг тавбаси ҳалол бўлмаган нарсани ушлашни тарк қилишдир. Икки оёқнинг тавбаси беҳуда нарсалар бор жойга боришни тарк қилишдир. Қулоқнинг тавбаси ботилни тинглашни тарк қилишдир. Авратнинг тавбаси фаҳш ишлардан қайтишдир.
Тавбаи насуҳ ўтган гуноҳларга тинмай йиғлаш, гуноҳга қайтишдан қўрқиш, ёмон дўстлардан ҳижронда бўлиш ва аҳли хайрни лозим тутишдир”.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Тавба қилувчилар билан мажлис қуринглар. Чунки улар энг кўнгли тоза ва хулқи мулойим зотлардир”.
Аллоҳ таоло доимо яхши инсонлар билан бирга бўлишимизни, атрофимизда солиҳ кишилар кўпайишини насиб қилсин.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби