Ҳазрати мавлоно Жалолиддин Румий маснавийларида бахилликнинг ёмонлиги ҳақида гапириб, бир хасис одамнинг ҳикоясини келтиради. Хасислиги билан ўз замонасида донг таратган бир бадавлат одам бор экан. Бу давлатманд одам энг хасис, энг зиқна одам сифатида машҳур бўлибди. Бу бахил бир кун жомеъга жамоат билан намоз ўқишга борди. Жомеъда намозинг суннатини ўқиб бўлиб, бирдан: “Уйда тегирмонимда эшагим тегирмон айлатираётган эди. Тегирмонда солинган буғдой тугаб қолиб, анқов эшак яна тегирмонни қуруқ айлантирмасин, тош ейилади” деб ўйлаб, шу заҳоти туриб уйига борди. Эшикни тақиллатди. Хизматчи “Ким у?” деб овоз чиқарганида, хасис:
- Тўхта, эшикни очма! Тегирмондаги эшак тўхтабди-ми ёки ҳалиям бекорга тошни айлантириб турибди-ми?
Хизматчи:
- Хўп хўжайин, ҳозир қарайман, аммо нега эшикни очмай, тушунмадим – дебди.
Бахил:
- Ҳа деб эшикни очиб ёпаверсанг, ошиқ-мошиғи ейилиб қолади, шунинг учун – деди.
- Қойил хўжайин, аммо сиз масжиддан бу ерга келггунча пойабзал эскиришини ўйламадингизми? – деди хизматчи кесатиб.
Хасис бой:
- Сен нима, мени тентак деб ўйлаяпсанми? Мени яхши биласан, масжиддан келгунча пойабзлимни эскиришга қўяманми? Пойабзалимни қўтиғимга қисиб олиб, ялангоёқ келдим – деган экан.
Ҳа муҳтарам жамоат, ҳозирги кунда ҳам бу даражада бўлмасада шундақа хасислар ҳаётимизда учраб туради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:
“Жаннатга бузғунчи ҳам, миннатчи ҳам, бахил ҳам кирмайди”.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло кенгчилик берган, лекин ўзига ва аҳли аёлига кенгчилик қилмаган киши биздан эмас” деб марҳамат қилдилар.
Ҳазрати Шақиқи Балхий улуғ машойихлардан. Бир куни Иброҳим Адҳамдан сўрадилар: “Кун кечирмоқ учун сиз нима қиласиз?” Иброҳим Адҳам бундай жавоб берибдилар: “Бўлса шукр қиламиз, бўлмаса сабр қиламиз”. Шақиқи Балхий чиройли жавоб берибдилар: “Эй Иброҳим Адҳам, сизнинг бу ишингиз бизнинг Балх итлари ҳам қилиб биладилар. Улар ҳам бўлса ейдилар, бўлмаса сабр қиладилар”. Шунда Иброҳим Адҳам: “Ҳазрат сиз-чи? Сиз нима қиласиз” – деб сўраганларида. Шақиқи Балхий гўзал бир иршодни у зотга ўргатдилар: “Бўлса баҳам кўрамиз, бўлмаса шукр қиламиз”.
Аллоҳ таоло бизларни ҳам мана шундай зотлар каби доимо шукр қилувчи, агар Аллоҳ берса, мудом саховатли бўлишимизни Ўзи тавфиқ бериб, муваффақ айласин.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби: