Дуо ибодатнинг мағзидир

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий алайҳи роҳма Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “ким етти нарса билан ризқланса, еттита нарсадан маҳрум бўлмайди:

  1. кимики шукр билан ризқланса, мулки зиёдаликдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, сизларга зиёда қиламан” (Иброҳим сураси, 7 оят)
  2. кимики сабр билан ризқланса, савобдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси, 10оят)
  3. ким тавба билан ризқланса, қабул бўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “У бандаларидан тавба – тазарруъ қабул қиладиган Зотдир” (Шўро сураси, 25 оят)
  4. ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Роббиларингиздан истиғфор сўранглар, албатта, У Зот кечирувчидир”. (Нуҳ сураси, 10 оят)
  5. ким дуо билан ризқланса, ижобатдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “ Менга дуо – илтижо қилинглар, Мен сизларни ижобат қиламан” (Ғофир сураси, 60 оят)
  6. ким инфоқ – нафақа қилиш билан ризқланса, унинг ўрни тўлишдан маҳрум бўлмайди.

“Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангиз, бас, Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдирир”   (Сабаъ сураси, 39 оят)

  1. кимга ижтиҳод қилиш берилган бўлса, тавфиқдан маҳрум бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

 “Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “ Дуо ибодатнинг мағзидир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “ Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “ Кимни Аллоҳ таоло унга балолар, шиддатлар пайтида дуосини ижобат қилиши хурсанд қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳ таоло бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашликдир”, дедилар”.

Жазирий алайҳи роҳма дуоларнинг қабул бўлиш борасида ёзган асарларида бир нечта шартларни зикр қилган:

  1. ейдиган, ичадиган, киядиган нарсалари ва яшайдиган ерлари ҳаромдан бўлмаслиги
  2. ихлос билан дуо қилиши
  3. мусулмонларга қарши бўлмаслиги
  4. қийимлари ғоят тоза бўлиши
  5. таҳоратли бўлиши
  6. қиблага юзланмоқлик
  7. тиз чўкиб ўтиришлиги
  8. аввал нафл намоз ўқимоқ даркор
  9. хайр ишлар қилишлиги
  10. камбағаллар ва толиби илмларни хурсанд қилмоғи
  11. Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтмоқлиги
  12. Пайғамбаримизга ва бошқа пайғамбарларга саловотлар айтмоқлиги
  13. энг афзал саловот намозда ўқийдиганмиз “Аллоҳумма солли…” ва “Аллоҳумма борик…”дир. буни қанча кўп ўқиса, дуо шунча тез қабул бўлади.
  14. қўлларини юқорига кўтариб, ҳовучларини очиб, қўлтиқлари ости кўринарли даражада ёки кўкси баробарида қўларини кўтариб, бирлаштириб, дуо қилмоғи лозим.
  15. одобга риоят қилмоғи лозим
  16. хушу ва тазарруъ билан Аллоҳ таолога ёлвормоғи лозим
  17. асмоул ҳуснани – Аллоҳ таолонинг исмларини ўқиб тилагини тиламоғи лозим. мулойим овоз билан Аллоҳ таолога ёлвормоғи лозим.
  18. гуноҳларини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан авф ва мағфират сўрамоғи лозим
  19. Пайғамбарлардан ва авлиёлардан ворид бўлган саҳиҳ бўлган дуоларни ўқимоғи
  20. дуоларни такрор айтмоғи лозим
  21. қалб ҳузури билан тилагини сўрамоғи лозим
  22. ҳамду сано билан ҳамда саловотлар билан дуосини якунламоғи
  23. қўлларини юзига сурмоғи
  24. ва дуосининг қабул бўлишига умид қилмоғи.

Юқорида зикр қилинган ҳолатда дуо қилинса инша Аллоҳ қилинган дуолар ижобат бўлади.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби                                                   

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan