Барчаларимизни янги ҳижрий 1442 йилга соғ ва саломат етказдирган Роббимиз Аллоҳ Хақ субҳану ва таъолога Зоти покига муносиб ҳамду саноларимиз бардавом бўлсин.
Рамазон ойидан сўнг Муҳаррам ойини яхши кўрган ва яхши амалларда пешқадам бўлган севикли пайғамбаримиз Мухаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва аҳли байтларига саловоту саломларимиз бўлсин.
Биздан олдин иймон ва ислом ила ҳаёт кечирган, бу улуғ кунларни ғанимат билиб унумли фойдаланган барча мўъмин муслмон ва мўъминаи муслималарни, марҳум узтозларимизни, ота оналаримизни Аллоҳ таъоло Ўз рахмати ила манзилларини обод қилсин.
Азизлар ҳижрий сананинг хар бир ойи ва хар бир кунинг ўзига хос фазилатлари ва хикматлари бор. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу ҳақида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир”. (Тавба сураси 36-оят)
Аллоҳ таоло осмонлару Ерни яратган кунда Китобига битиб қўйганига кўра, йилдаги ойлар сони ўн иккита қилиб белгиланган. Булардан тўрттаси: зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб ойлари ҳаром ойлар, яъни ўша ойда уруш қилиш, қон тўкиш ҳаром қилинган ойлардир.
Демак йилнинг биринчи ойи Муҳаррам ойидир. Бу ойнинг хам эҳтироми юқори. Шунингдек мазкур ойнинг 10 кунига муборак динимизда алоҳида эътибор қилинган. Хатто Ислом тарихида ўтган барча Пайғамбарлар уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин ҳаётларида алоҳида ўрин тутган. Нуҳ алайҳис саломнинг кемалари 6 ой сузиб юргандан кейин Ашуро куни Жудий тепалигида тўхтади. Нуҳ алайҳис салом ва у кишининг ҳамроҳлари ўша куни ҳаммалари рўза тутдилар. Ашуро куни Бани Исроил билан Мусо алайҳис саломга Аллоҳ таъоло Фиръавн зулмидан нажот бериб, Нил дарёсини иккига бўлиб берди. Ашуро куни Аллоҳ таоло Одам алайҳис саломнинг тавбаларини қабул қилди. Ашуро куни Юнус алаҳис салом балиқ қорнидан чиқдилар. Ашуро кунида Иброҳим алайҳис салом туғилганлар.
Келинг шу борадаги маълумотлар ила танишиб чиқамиз.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларида яҳудийлар Ашуро куни рўза тутаётганларини кўриб, “Бу нима?” деб сўрадилар. Шунда: “Бу хайрли кун бўлиб, унда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу сабаб Мусо (алайҳис салом) ушбу кунда рўза тутган”, деб жавоб берилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Мен Мусога (алайҳис салом) сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва ушбу кун рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам рўза тутишга амр қилдилар” Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти.
Бу ривоятда яҳудийлар нима сабабдан Ашуро куни байрам қилишлари баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло айнан шу куни Мусо алайҳис салом ва Бани Исроил қавмини Фиръавн зулмидан қутқарган экан. Яҳудийлар мана шуни сабаб қилиб, бу кунда рўза тутар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб, Мусо алайҳис саломга яҳудийлардан кўра мусулмонлар ҳақлироқ эканини айтдилар ва Ашуро куни рўза тутишга амр қилдилар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни, яъни Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутиб юрардилар. Баъзи саҳобалар яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашиб, байрам қилишларини айтишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келаси йили, тўққизинчи куни ҳам рўза тутишни ният қилдилар. Аммо келаси йил келмасидан аввал у зот Аллоҳ даргоҳига риҳлат қилдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ниятлари, қилишни режалаштирган ишлари шаръий қонун бўлиб, бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши керак. Демак, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки тўққизинчи ёки ўн биринчи кунлари ҳам рўза тутиш мақсадга мувофиқ. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий ва насронийларга тескари иш қилиб келганлар. Бу ерда ҳам шу одатни кўриш мумкин. Айнан уларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуродан бир кун олдин рўза тутишни ният қилганлар.
Абу Мусо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Хайбар аҳли Ашуро куни рўза тутар, ушбу кунни байрам қилиб нишонлар, хотинларига ўша кунда тақинчоқлар тақтириб, ясантиришар эди. Буни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бас, сизлар ҳам ушбу кун рўзасини тутинглар!” дедилар” Бухорий, Муслим, Насоий “Ас-сунанул кубро”да ривоят қилган.
Бу ривоятда ҳам яҳудийлар Ашуро кунини ўзгача кайфиятда байрам қилишлари, хусусан бу кунда рўза тутишлари айтилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийларнинг бу ишларини кўриб, мусулмон Мусо алайҳис саломга улардан кўра ҳақлироқ эканликларини айтиб, ўз умматларини Ашуро куни рўза тутишга буюрдилар.
Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар. Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти.
Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани маълум бўлади. Бошқа ой ёки кунларда тутиладиган рўза туфайли банданинг гуноҳлари кечирилиши айтилса-да, бироқ қанча гуноҳи мағфират қилиниши аниқ баён қилинмаган. Ушбу ривоятда эса Ашуро куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.
Уламолар юқорида келган ва бу борада ворид бўлган барча ривоятдан келиб чиқиб, Ашуро куни рўза тутиш суннати муаккада, деган хулосага келишган. Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўмин инсоннинг бурчидир.
Бу кунда тарғиб қилинган эзгу амаллардан яна бири хонадон аҳлимизга кенгчилик қилиб бериш. Яъни хар кунги кунимиздан ўзгача таом ва ичимликда, сухбатларимизда ва ҳатти ҳаракатларизда, эзгу амалларимизда ўзгача кун бўлишига жидду жаҳд қилишимиз лозим. Бу борада ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ким ашуро кунида аҳли оиласига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло қолган йилларини ҳам мана шундай баракалик қилиб қўяди”.
Аллоҳ таоло бу кунларнинг файзидан барчаларимизни бахраманд қилсин. Эзгу дуоларимизни мустажоб айласин. Беморларимизга шифо ато этиб, турли хил хасталиклардан барчаларимизни паноҳида сақласин. Ушбу набавий кўрсатмаларга амал қилиб, улкан ажру савоблар олишни барчамизга насиб қилсин!
Авазхон ЖАЛОЛОВ
Гулистон шаҳри “Исо ўғли Мусо”
масжиди имом хатиби