Аллоҳ таъоло инсонни яратган вақтда унда кўплаб табиий фитрат ила яратди. Қалбида тур хил ҳис туйғуларни жам қилди. Улардан бири шак−шубҳасиз туғилиб ўсган ерини яхши кўриш, Ватанни яхши кўриш ва уни соғиниш хиссидир.
Маълумки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни халқ қилиб, у Зотнинг зурриёдларини ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган зурриёдлар ерда турли миллат ва элатлар ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда Ҳужурот сурасининг 13-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик…”
Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, – деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Ватанни яхши кўриш, уни асраб авайлаш, обод қилиш хамда уни химоя қилиш борасида муборак динимизда жуда хам кўплаб кўрсатмалар табаррук Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз Мухаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи вассаллам хазратларининг шарафли Хадисларида ворид бўлган.
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда Иброҳим алайҳис саломнинг Маккаи мукаррама шаҳрига қилган дуоларини зикр қилади: “Эсла, вақтики, Иброҳим: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», – деди… »
Яъни Иброҳим алайҳис салом «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», – демоқдалар. Чунки шу шаҳарда У зотнинг аҳли аёллари, кўз қувончлари ўғиллари Исмоил алайҳиссалом борлар. Бизнинг юртимиздачи биз учун қадирли бўлган ота онамиз, ака укамиз, опа синглимиз, жондан азиз фарзандларимиз, қавму қариндошларимиз, қўни қўшниларимиз, қуда андаларимиз, касбдошларимиз, хизматдошларимиз яна қанчадан қанча азиз инсонларимиз бор. Демак сиз билан биздан юрт ва юртдошларимиз хаққига кўпроқ дуо қилиш лозим бўлади.
Ватан хақида улуғларимиздан эшитайлик, улар нададар юртни қадрини билганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Агар ватанга бўлган муҳаббат бўлмаганда эди юртлар обод бўлмас эди. Аллоҳ бандалари қалбига ватан муҳаббатини солиш билан ер юзини обод қилади”.
Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳир роҳма шундай деган эканлар: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Иккинчиси Ватандан кетганда уни соғиниш, Учинчиси Ватан камситилганда ғазабланиш, Тўртинчиси Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб – ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир.
Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган.
Аллоҳ таъоло юртимизнинг 29 йиллик тўйини муборак қилсин. Элимизни ўз химоясида сақласин, халқимизни доимо Ўзи яхши кўрган савоб амалларида бардавом этсин, Мустақиллигимизни ва файзу барокотимизни бунданда зиёда ва бардавом айласин!
Авазхон ЖАЛОЛОВ
Гулистон шаҳар «Исо ўғли Мусо»
масжиди имом-хатиби