Идда сақлаш хақида

Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда негадир ажримлар сони ортиб бормоқда. Ажримлар сабаби турлича бўлмоқда. Хўш, ўйлаб кўрайлик-чи, ажримга йўл қўйилган тақдирда эридан ажраган аёлларнинг барчаси ҳам ислом арконларини тушунадиларми, ислом қоидаларига тўғри амал қилишмоқдами?

Баъзи аёлларга эрдан ажраб, эрга тегиш оддий ҳолга айланиб қолмоқда. Ахир эридан ажраган аёл ёки эри ўлган аёл учун муқаддас ислом динида бир қатор кўрсатмалар бор. Шу кўрсатмалардан бири “Идда” масаласидир.

Никоҳ, оила масаласида бир мавзу бор. Бу ҳам бўлса, эри вафот этган ёки турмушдан ажраган аёлларнинг бошқа оила қуришигача сақланиши керак бўлган вақт, яъни кутиши керак бўлган муддат идда дейилади.

Албатта, муқаддас динимизда оилани асраш, насл-насабни пок сақлаш, оилани муқаддаслигини англаш, ҳурматини, эҳтиромини қилишликка алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун Аллоҳ таоло қатъий равишда эридан ажраган ва эри вафот этган аёлларга идда муддатини белгилаб қўйган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Талоқ қилинган аёллар уч қуръу кутарлар” дейди. (Бақара сураси 228-оят )

Демак, эридан ажраган аёл учта ой (ҳайз) кўриш муддатида идда сақлаши, кутиши, одоб сақлаши керак экан. Агар мабодо аёл ой кўрмайдиган бўлса, у аёлнинг иддаси уч ой бўлар экан. Мана шу идда муддатида аёл киши бошқа эркак билан турмуш қуриши ёки турмуш қуриш мақсадида совчилик қилиш ишларини амалга ошириши мумкин эмас. Мана шу идда муддатини биринчи турмуш ўртоғининг хонадонида кутади, сақлайди, узрли сабабсиз кўчага чиқмайди.

Биринчидан, никоҳга ҳурмат, иккинчидан бунинг бир қанча ҳикматлари борки, агар аёлнинг вужудида биринчи оиласидан ҳомила бўлган бўлса, мана шу муддатда бу нарсалар ошкор бўлади.

Иккинчи тоифадаги идда сақловчи аёл эри вафот этган аёлдир. Эри вафот этган аёлнинг иддаси қанча бўлади? Бу ҳақда ҳам Қуръони каримда баён қилинган:-“Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ойу ўн кун кутарлар” дейилади. (Бақара сураси 234-оят)

Демак, эри вафот этган аёл учун тўрт ойу ўн кун идда муддати белгиланган экан. Бу муддат ичида эри вафот этган аёл мотам тутади яъни азадор бўлади.

Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёл эридан бошқа яқини вафот этса уч кундан ортиқ мотам тутиши мумкин эмас. Аммо эри вафот этса тўрт ойу ўн кун идда сақлар экан. Демак, эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, ҳомилани дунёга келтиргунича идда муддати ҳисобланади.

Бу муддатда аёл ўзини сақлаши, пардоз-андоз  ва хурсандчилик қилмаслиги, кўча- кўйга зарурат бўлмаса  чиқмаслиги, ўзини эҳтиёт қилмоғи керак. Эри вафот этган аёлнинг идда муддатида пардоз қилиши, хурсандчилик қилиши, тўй-ҳашамга бориши, кўча-кўйга мақсадсиз чиқиши оилага беҳурматлик бўлади.

Бу муддатда совчилик алоқаларини амалга ошириш ёки бошқа бир эрга турмушга чиқиш мутлақо мумкин бўлмаган ҳаром амаллардан ҳисобланади. Албатта, бу нарсаларнинг ҳам ўзига яраша хикматлари бордир. Бу билан динимиз аввало насл-насабни пок сақлашни мақсад қилган. Идда муддатида ҳомиладор аёлнинг ҳомиласи кимдан эканлиги аниқ ошкор бўлади. Қолаверса, бу биринчи оиласига нисбатан ҳурмат, эҳтиром, одоб саналади.

Оила шунчаки енгил нарса эмаски, бугун бунисидан ажрашиб, эртага бошқасига тегиб кетаверадиган. Эри вафот этган бўлса, биринчи эрига ҳурмат, таъзия маъносида шу муддатда яъни тўрт ойу ўн кун муддатда ўша аёл ўзининг идда муддатига риоя қилиши шарт бўлар экан. Шунинг учун оила қурилишига бош бўлаётганлар бу нарсаларни ёшларга ўргатишлари лозим.

Баъзан “Аёл эри билан бир йилдан бери яшамаяпти, турмушга чиқиши керак”, деган миш-мишларни баъзан эшитиб қоламиз. Кўп йиллардан бери бир ўзи яшаса ҳамки, эри талоғини бермаган  аёлнинг никоҳи узилган ҳисобланмайди. Шунинг учун ўзаро муносабатларни аниқлаб, ҳал этиб, эридан талоқ олган, иддасини оқлаган аёлгина бошқа турмуш қуриши мумкин. Акс ҳолда аёлнинг бошқа билан никоҳи боғланмайди.

Бу Яратганнинг буйруғи. Қуръони каримда Аллоҳ томонидан бу қатъий белгилаб қўйилган. Бу ҳалол-харом ва насл-насаб масаласи. Мана шу нарсаларга риоя қилган инсонлардан ҳалол насл дунёга келади. Бу нарсаларга риоя қилмаслик наслнинг бузилишига олиб келади

Аллоҳ барчаларимизни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам юзларимизни ёруғ, ҳаётимизни мунаввар айласин.

 

Раҳима ИСКАНДАРОВА,
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси
Сирдарё вилоятидаги вакилининг хотин-
қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan