Ҳаёт ғанимат.

Агар Аллоҳ таоло ўзи яратган махлуқларидан бирининг номи билан қасам ичиши уни нақадар қадри баланд, унинг аҳамиятли эканлигини англатади. Вақт Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъматлардан биридир. Ундан самарали фойдаланиб, ҳар бир онларини мазмунга тўлдириб борсак ҳаётимиз қадри ортади. Беҳуда сарфланган вақтимиз бизга фақат афсус-надомат олиб келади.

Муоз Ибн Жабал (р.а)дан ривоят қилинади.

Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдилар: «Қиёмат куни банда қайта тирилиб қадами ердан кўтарилмасдан туриб ундан 4 нарса: Умрини қандай кечиргани, ёшлигини нималар билан ўтказгани, мол-мулкини қаердан олиб қаерга сарфлагани, илмга қандай амал қилгани ҳақида сўрайди».

Бундан кўриниб турибдики, инсон вақтини сарфлашда Аллоҳ таоло олдида масъулиятни ҳис қилмоғи керак. Ҳар бир мусулмон вақт қиймати унинг ҳар бир қисм ва ҳар бир масаласига эътибор бериб, ундан унумли фойдаланиб эзгу амал, илм олишда сарфламоғи лозим. Вақтни барча имкониятларидан фойдаланиб қолиш, дин ва дунёсида фойда берадиган, Ватан равнақи, эл-юрт тинчлиги, миллатни яхшилик ва фаравонликка, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган ишлар билан машғул қилиш лозим. Мўъминлар амири Умар Ибн Ҳаттоб (р.а.) «Сизни ҳисоб-китоб қилинмасдан аввал ўзларингизни сарҳисоб қилингиз ва қилган амалларингиз ўлчанмайдан аввал сизлар ўз амалларингизни тортиб кўринг» дердилар.

Биз ҳозир ўзимизни сарҳисоб қилаяпмизми, вақтимизни нимага сарфлаяпмиз. Аллоҳ учун, охиратимиз учун, Ватан равнақи  учун яқинларимизга фойдамиз тегадиган, қиёматда юзимизни ёруғ қиладиган қандай амаллар қилмоқдамиз? Туну кун компъютер қаршисида бўлар-бўлмас сайтларга кириб соатлаб вақтини, ёшлигини беҳуда совураётган ёшлар йўқ, дейсизми?. Ойнаи жаҳон қаршисида ўнлаб сериалларни қолдирмай ярим умримиз хазон бўлмоқда. Буни ҳисоб-китоб қилиш керак, вақти келиб пушаймон бўлмасдан олдин ҳаётимизни йўлга тўғрилаб олайлик. Озгина тафаккур қилган оқил инсон бундан ўзига ҳикмат чиқариб олади.

Улуғбек ҚОБИЛОВ,
Сирдарё тумани “Аҳмад ибн Малик »
 жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *