“Жиҳод нима?”

Экстремистик жамоалар иддаосича, уларнинг сиёсийлашган ғоялари ҳамда қонун ва меъёрлар таърифидаги янглиш тор тушунчалари бўйича гўёки ислом уммати (уламолар ва бошқарув тизими) Аллоҳ таоло юборган асосдан узоқлашиб, унинг шариатини ўзгартирган эмиш. Уларнинг фикрича, бугун бутун бошли уммат кўрларча жаҳолатга ғарқ бўлган бўлиб, бунда мусулмонлар ҳам, мусулмон бўлмаганлар ҳам барчаси баробардир. Шунинг учун ҳам экстремистик жамоалар “кимнидир кофирга чиқариш, бировнинг қонини тўкишни ҳалол дейиш” даъвосини мусулмону ғайридинларга бирдек қўлламоқдалар. Улар мазкур фикрлардан келиб чиқиб миллий мансубликни ҳам, жамият аъзоларини бир жамиятда тинч-тотув яшашга қаратилган уринишларини ҳам инкор қилмоқдалар. Улар ёлғоннинг яхлит тизимини ташкил қилиб унинг тақозосига кўра ҳаракат қилмоқдалар. Пировард натижада эса шаҳарлар вайрон бўлиб, ноҳақ қонлар тўкилмоқда. Табиийки, бу иш ортидан мусулмон бўлган ёки бўлмаган барча жамиятлар глобал муаммоларга дуч келмоқдалар. Чунки бундай муаммоларга дуч келган бирор жамиятда тинчлик ва хавфсизлик кафолати бўлмайди. Жамият аъзолари орасида нафрат ва адоват ҳукм суради.

Мана шунинг учун ҳам биз, терроризм ва қирғинбарот йўлидан юрадиган, ғайридинлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашни-да истамайдиган бу каби экстремистик жамоаларнинг ёлғон ва шубҳага тўйинган ғояларини чуқур ва атрофлича текширишимиз зарур. Уларнинг фикрича, уруш ўчоғига айланган ўлкаларда сенга топширилган ҳар қандай шахснинг қони сен учун ҳалол бўлади. Ҳолбуки бу ҳалоллик даъвоси учун сабаб ва жоизлик далили керак. Биз қуйида уларнинг шубҳали далилларини таҳлил қилиб чиқамиз.

Бугун биз дуч келаётган энг муҳим масалалардан бири Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқиш борасидаги фикрлардир. Ушбу фикрлар кўпроқ ғарб давлатларида яшаётган ғайридинларга нисбатан тажовузкорона ҳаракатлар қилишга йўналтирилган.Чунки экстремистик жамоалар жиҳодни айни шу маънода талқин қилади. Унга кўра, мусулмонлар учун ғайридинлар томонидан хавф-хатар бўладими ёки бўлмайдими, барибир уларга қарши курашиш зарур. Табиийки, бу фикрлар уларни қатл қилиш мумкин, деган хулосага олиб келади.

Шунинг учун ҳам Ислом динида шариатга киритилган жиҳоднинг фарз бўлиш мавзулари ва сабабларини англаб етиш бугуннинг заруриятига айланди. Чунки бу мавзунинг сабаб ва аҳкомларини тушуниб етишимиз турли экстремистик жамоалар назаридаги жиҳод даъвосини тўғри талқин қилишимизни таъминлайди.

Уламоларимиз ўзаро қон тўкилишига олиб келадиган жиҳоднинг фарз бўлиши асоси борасида ихтилоф қилдилар. Демак, мусулмонларга бошқалар томонидан бўладиган эҳтимолий ҳужум хавфи жиҳодга асос бўладими ёки ғайридинларни куфрда бўлишларининг ўзи унга асосми?

Ҳанафий, моликий, ҳанбалий ва шофеий мазҳаби уламоларининг кўпчилиги “жиҳод фарз бўлиши учун ғайридинлар томонидан мусулмонларга қарши жанг қилиниши керак”, дейдилар.

Жумҳур (кўпчилик) уламоларнинг фикрига қарасак, исломда жиҳод ўзининг ҳимояси учун ёки амалга оширилиши аниқ бўлиб қолган душман ҳужумини қайтариш учун жорий бўлади.

Жумҳур уламоларнинг далиллари қуйидагилар:

“Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас.” (Бақара, 190)

“Фитна бўлмаслиги ва дин Аллоҳга бўлиши учун улар билан жанг қилинг. Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ.”. (Бақара, 193).

Котиб Ҳанзаладан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазотга чиқдик. У ерда қатл қилинган бир аёл кишини олдидан ўтиб қолдик. Уни тепасида одамлар тўпланиб олган эдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, “бу аёл ўзаро жанг қилаётганлар билан уришмаган эди”, дедилар. Кейин бир саҳобага: “Холид ибни Валиднинг олдига бориб, Расулуллоҳ сенга ёш болалар ва чўри-қулларни ўлдирманглар деб топшириқ бердилар, деб еткизгин”, дедилар.

Ҳусниддин ЖЎРАЕВ
Мирзаобод тумани “Занги ота”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *