Тадбиркор элга мададкор

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”.

Демак, Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, бизлар ҳар биримиз ҳалол дунё талабида бўлишимиз зарур, оилани боқиш бизнинг бўйнимиздадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Ростгўй, омонатли тожир пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар:

“Ростгўй тижоратчи жаннатга аввалги кирувчиларнинг биридир”.

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал касб қайсилиги ҳақида сўраганларида: “(Энг афзал касб) киши ўз қўли билан қиладиган иши ва ҳар бир мабрур тижорат” деб жавоб бердилар”.

Мабрур тижорат, яъни тоза савдо – фириб бермаслик, алдамаслик, қалбакилаштирмаслик, сохталаштирмаслик, тарозидан уриб қолмаслик, ўлчовдан уриб қолмаслик, фурсатдан фойдаланмаслик.

Сотувчи тижорати мабрур бўлиши учун аввало ширинсухан бўлиб, сўнгра саховатпеша бўлиши лозим, ҳиммати баланд тожирнинг савдоси мабрур бўлади.

Бир куни бир харидор ҳазрати Имом Аъзамнинг ўғлидан қандайдир молни сўради, Имом Аъзам ўғлига эътибор билан қараб турдилар. Ўғли молни мақтай бошлаши билан ҳазратнинг жаҳллари чиқди. Дарҳол ўринларидан туриб ўғлиларининг ёнига бордилар. Унга бу тарзда мол сотишда хайр йўқлигини айтдилар. Харидорнинг қўлидан молни олиб, узр сўрадилар. Харидор оламан деб илтимос қилса-да, бундай олди-бердида хайр йўқлигини айтиб, молни сотмадилар. У зотнинг фикрича, мол борича кўрсатилиши, бўлганидан зиёда кўрсатиш учун сотиб олувчига таъсир этмаслиги, яъни керагидан ортиқ мақталмаслиги керак.

Хатиби Бағдодий ривоят қиладиларки: Имом Аъзам йиллик фойдаларини ҳисоблаб, атрофларидаги илм аҳлига ва талабаларга тарқатар эдилар ва шундай дер эдилар: “Буни эҳтиёжингиз учун ишлатинг ва фақат Аллоҳга ҳамд айтинг, бу мол ҳақиқатда меники эмас, балки сизларникидир, Аллоҳ таоло фазлу карамидан уни менинг қўлим билан сизга бермоқда холос”.

Рифоъа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам савдо қилаётган одамларни кўриб: “Эй тижоратчилар”, дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар: “Албатта, савдогарлар қиёмат куни гуноҳкорлардан бўлиб тириладилар. Магар Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно”, деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

“Олувчи ва сотувчи бир-бири билан савдони келишиб олгунча ихтиёрлари ўзларидадир. Агар улар бир бирларига рост гапириб, молининг айбини яширмасалар, бундай савдода уларга барака бўлади. Агар молнинг айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака бўлмайди”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Уч тоифа инсонга қиёматда Парвардигори олам назар ҳам солмайди, гуноҳдан ҳам покламайди ва уларга аламли азобни беради” Бунчалик ҳасрату надоматда қолганлар кимлар ўзи Ё Расулуллоҳ? “Берган нарсасини миннат қилувчилар, кийимларини кибрланиш учун узун киювчилар ва сотадиган нарсасини ёлғон қасамлар билан ўтказувчи кимсалар”.

Дунёда барака, охиратда нажот истаган ҳар бир тадбиркор ростгўйлик, олийжаноблик, ҳалоллик билан ишларини олиб бориши лозим. Акс ҳолда дунёда касодга учраб, охиратда афсус ва надоматда қолади.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *