Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалимликлари энг олий даражага етган зот эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Саънаҳ деган мадиналик яҳудийга хурмо бермоқчи бўлиб ундан пул олдилар. Бир неча кунга муҳлат берган эди. Ваъдаси тўлмай туриб яҳудий хурмо сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёқаларидан ушлаб: – Эй Муҳаммад, ҳақимни шу чоққача нега бермайсан? Ҳошимийлар муомаласи яхши эмас деб эшитган эдим, тўғри экан, – деди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бошлиқ барча улуғ саҳобалар шу ерда эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаблари келиб: Эй Аллоҳнинг душмани, сизлар билан ўртамиздаги аҳдноманинг бузилишидан қўрқмасам эди, бошингни ҳозир кесиб ташлар эдим, – деб қиличига қўл урди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулимсираб: Эй Умар, бу икковимиз орамиздаги гапга бундан яхшироқ сўз ҳам бор эди. Мени яхши муомала қилиб беришга ва уни яхши гапириб олишга буюргил. Ваъдамизга 3-4 кун бор эди. Энди, эй Умар, бунинг ҳаққини сен бериб қўй. Уни қўрқитганинг учун 20 соъ ошиқча хурмо қўшиб бер – деб буюрдилар. Бу сўзни эшитгач, яҳудий ҳайрон бўлиб: “Эй Муҳаммад, Таврот, Инжилда охирзамон пайғамбари сифатларини ўқигандим, уларнинг ҳаммаси сиздаги сифатларга тўғри келди. Синалмаган ёлғиз шу иш қолган эди. Китобда дейилган эди: “Ўзи учун ғазаби келмайди” – деб. Энди буни ҳам синаб кўрдим. Сизнинг охир замон пайғамбари эканлигингизга ҳеч қандай шубҳа қолмади, – деб шу вақтнинг ўзида дарҳол иймон келтирди.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улуғ ва гўзал ҳулқ эгасидирлар. Қуръони азимуш шаънда дейилади:
“Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳ таолодан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳ таолони кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” (Аҳзоб сураси, 21 оят).
Буюк немис шоири Волфганг Гёте бундай деб ёзган: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ямоқ, яктакларига ҳам арзимас экан… Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиёматдаги шафқатларини ўз байтларида назм этган Сўфи Оллоёр дейдилар:
Муҳаммадким, эрур Ҳақнинг ҳабиби,
Маосий дардининг ҳозиқ табиби.
Белин ҳиммат қўрига боғлаб ул эр,
Ҳама нафси деса, ул умматим дер.
Ҳама ўз нафсила бўлса гирифтор,
Муҳаммад уммати мискин учун зор.
Агар бўлса эматурғон бола гум,
Топилганда нечук жавлон қилур ум.
Минг андоғ онадин кўпроғу беҳроқ,
Муҳаммадким, ғариб уммат учун доғ.
Оқар дарё бўлур ул муҳтарамдин,
Шафоат шири пистони карамдин.
Қилур Ҳақ изни бирла ҳар тараф жўш,
Насиб этган ул дарёдин қилур нўш.
У дарёи шафоатдан ичишлик учун, ҳақиқий уммат бўлиш керак. Уммат дегани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганиб доимо амал қиладиган кишидир. Шунинг учун қиёмат келмасдан бурун, берилган умримизни ғанимат билиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гуфтору рафторларига диққат билан амал қилайлик. Ҳар бир нарсанинг ўлчов мезони бўлгни каби Пайғамбаримизга уммат бўлиш мезони – бу у зоти бобаракотнинг суннату санияларига амал қилиш билан бўлади. энди биз ўзимизни бир ўлчаб кўрайлик-чи, қанчалик даражада биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинмиз.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
масжиди имом-хатиби.