Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитган экан: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен Раҳмонман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман», деган».
Бир одамнинг сабабидан бошқалар ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин экан. Масалан, беш-олтита ака-ука, опа-сингиллардан фақат биттаси, нима баҳона ёки сабаб бўлишидан қатъи назар, силаи раҳмни узиб юрган бўлса, қолган барчалари ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Аслида, силаи раҳмни узишга ҳеч қандай сабаб баҳона бўла олмайди. Кимдир мерос талашиб ёки бошқа сабаб билан акасининг ёки укасининг ёҳуд опаси ва синглисининг ҳаққига хиёнат қилган бўлса, кўнглига оғир ботадиган гап айтган бўлса ёки ҳатто жоҳиллик қилиб яқинлари билан муштлашган бўлса ҳам охиратда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобини ўзи беради. Агар у бу дунёда қилган гуноҳлари учун тавба қилиб, уларни такрорламаса, солиҳ амаллар қилиб, истиғфор айтиб юрса ва асосийси, силаи раҳм қилишда давом этса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ҳар қанча умид қилса, ҳақли бўлади. Чунки, Аллоҳ таолонинг Ўзи «Ким уни боғласа, боғлайман» деб силаи раҳм қилувчи бандасини Ўзига яқин олишини айтган ва унга кўп яхшиликлар ваъда қилган. Аммо, юқорида айтилган сабаблар билан бўлса ҳам, силаи раҳмни узиб юрган кимса охиратда, Аллоҳ таолонинг ҳузурида жуда оғир аҳволга тушиб қолади. Чунки унинг биронта ҳам яхши амали қабул бўлмайди. Барча қилган яхшиликлари, ҳатто ҳаж ва умра қилган бўлса, уларнинг ҳам савоби бекор бўлади. Энг оғири, энг фожиалиси шуки, бундай банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан буткул бенасиб бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло «Ким уни кесса, кесаман» деб аниқ қилиб айтиб қўйган. Лекин энг ёмон тарафи шундаки, бундай кимсанинг касри уриб, унинг барча яқинлари, қавми, қариндошлари ва маҳалладошлари ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Шунинг учун, ҳар биримиз доим бир-бирларимиздан хабардор бўлиб, ўзаро силаи раҳмга чақиришимиз керак. Қариндошлик алоқаларини узмасликка маҳкам туриб, тарғиб қилиб, ундай қилма, бу иш яхши эмас, сен сабаб бўлиб биз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қоламиз, деб насиҳат қилиш билан бирга қаттиқ туриб талаб ҳам қилишлари лозим.
Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади: «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганларини эшитган эди».
Силаи раҳмни узиш ана шундай катта гуноҳдир. Инсоннинг жаннатга кирмай қолишига сабаб бўладиган гуноҳ ишлардандир. Аллоҳ таоло бундан Ўз паноҳида асрасин!
Аллоҳ таоло барчаларимизни қариндошлик алоқаларига риоя қилувчи, ўзаро силаи-раҳмга аҳамият берувчи ва барча инсонлар билан яхши муносабатда бўлувчи солиҳ инсонлардан қилсин.
Ҳалилулло РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани “Хизробод”
жоме масжиди имом-хатиби