Бугунги кунда халқлар ва динлар орасидаги бағрикенглик, толерантлик ғояси дунёда энг долзарб масалалардан биридир. Бу борада ЮНЕСКО томонидан 1995-йил Парижда “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” қабул қилинган. Бирлашган миллатлар ташкилоти эса 16-ноябрь “Бағрикенглик куни” деб эълон қилган.
Маълумки, бағрикенглик ғояси – турли миллат ва элатлар вакилларининг бир замин, бир ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Қадим-қадимдан миллий қадриятларимиз эзгулик ғояларига асосланиб, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таяниб келган. Одамларни ҳалоллик, поклик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка чорлаган.
Мустақиллик шарофати билан 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари фаровон яшаши, осойишта ҳаёт кечириши учун қулай шароитлар яратилган. Этник мунособатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилиши эса, бу борадаги ишларнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Миллий қадриятлар диний бағрикенгликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Толерантлик – ўзлигини англаган миллат вакилларини бошқа миллат вакилларининг камситишига йўл қўймаслик, улар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришидир. Толерантлик туйғуси инсоннинг хулқ атвори, одоб-ахлоқи, сиёсий-маънавий поклиги, ўз халқига ва миллий-тарихий қадриятларига муносабатини белгилаб беради. Бу хусусиятлар эса ҳар бир инсонда бағрикенглик, байналмилаллик туйғуларини уйғотади.
Фозилхон АБРОРОВ
Ховос тумани “Ҳазрат”
жоме масжиди имом-хатиби