Кўзингизни асранг ҳаромдан!

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло бизларнинг баданимизга санаб бўлмайдиган даражада неъматларни ҳадя қилган. Шу неъматларнинг ичидан бизларга бир нечтасини зикр қилиб Аллоҳ  таборак ва таоло дейди:

 “У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз”. (Наҳл сураси, 78 оят).

Дарҳақиқат, бу неъматлар ичида энг қимматбаҳоси бу қулоқ, кўз ва қалбдир. Чунки инсонни жаннатга олиб борувчи ҳам ёки жаҳаннамга улоқтирувчи ҳам шулардир. Яна бошқа оятда бу сўзимизни тасдиғида зикр қилинади:

 “Албатта, қулоқ, кўз ва дил буларнинг барчаси масъулдир”(Исро сураси, 36 оят).

Яъни албатта, бизларнинг ҳар биримиз эшитган сўзларимизга, кўрган нарсамизга ва фикр қилиб амалга оширган ишларимизга масъулдирмиз. Қуръони каримда Парвардигор биз мўминларга буюриб амр қиладики:

“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардор-дир”. (Нур сураси, 30 оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси қудсийда марҳамат қиладилар: “Номаҳрамга қараш Иблиснинг найзаларидан бир заҳарли найзадир. Кимики Мендан қўрқиб аёлга қарамаса, ўша тақво қилиб қарамаганини унга иймон нури қилиб қайтараман ва қалбида иймоннинг ҳаловатини топади”.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Али, назарингга назарни эргаштирма! Биринчиси зарари йўқ, аммо иккинчиси сенга зарардир”, дедилар.

“Одам фарзандида, албатта, иложсиз зинодан бир насиба бор. Кўз зиноси бу қараш, қулоқ зиноси товушини эшитиш, тил зиноси ўша фаҳшларни гапириб бериш, икки қўл зиноси баданини ушлаш, оёқ зиноси ўша томон юриб бориш, оғиз зиноси ўпиш, нафс эса зинони хоҳлайди, орзу қилади. Ана шунда жинсий аврат уни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради”.

Ҳар бир мусулмон киши назарини номаҳрамлардан сақлаши, уни дунё ва охират саодатига етказади. Ҳар бир аъзоимизни ҳалол бўлмаган нарсалардан сақлашимиз иймон ҳаловатини ҳис қилишимизга сабаб бўлади. Дунёдаги энг тотли нарса бу иймон ҳаловатини ҳис этишдир. Аллоҳ таоло ҳаммамизга ушбу ҳаловатни насиб қилсин.

 

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби.

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.