Кимни севсак қиёматда унинг ёнидамиз

Ҳаммамизга, ер юзидаги барча мусулмонларга Мавлуд ойи муборак бўлсин. Бу ойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар, саломлар ва мавлудлар айтилади. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасининг 31-оятида марҳамат қилиб шундай дейди:

“Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон Зотдир”.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулининг суннатига эргашишдир”.

Мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиши билан ўлчанади. У суннатни қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади.

Агар қай бир уммат бир кунлик фаолияти давомида астойдил амал қилса, мингдан кам бўлмаган суннатни ҳаётга татбиқ этиши мумкин.

Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасининг 21-оятида Ўзинниг элчисини юбориб ундан ўрнак олишимизни амр этди:

“Батаҳқиқ, сизлар учун — Аллоҳ таолодан ва охират кунидан  умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳ таолони кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор”.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ўрнак эканлар, у зоти бобаракотнинг ҳаётларида қилган ишлари ва айтган сўзлари, яъни суннатлари бизнинг ҳаётимиз учун дастурул амал бўлиши лозим.

“Кимики мендан кейин йўқолиб кетган суннатимни қайта тирилтирса, унга амал қилганларнинг савоби камайтирилмасдан берилади”, деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар.

Бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:

  • Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?

Бунга жавобан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

  • Қиёматга бирор тайёргарлигинг борми, сўраяпсан? – дедилар.
  • Эй Аллоҳнинг Расули, тўғриси ҳеч қандай тайёргарлигим йўқ. Мақтанадиган бирор амалим ҳам йўқ. Бироқ Аллоҳ ва Унинг Расулини қаттиқ севаман – деди аъробий.

Кутилмаганда, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар: “Сен охиратда севганинг билан бирга бўласан”.

Бунга гувоҳ бўлган саҳобалар: “Ҳаётимизда эшитган энг гўзал гап ана шу, энг кўп қувонган пайтимиз ўша пайт бўлди”, дейишди.

Қиёмат кунида ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлмоқчи бўлса, бугундан эътиборан Расулуллоҳнинг кунлик суннатларга амал қилишни бошласин.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби.

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.