Тавозелик фазилати

Одоб-ахлоқ ҳақида сўз юритган машҳур уламолар “Тавозе” сўзини мулойимлик, камтарлик ва ғурурдан узоқда бўлиш деб баён қилишган. Шундан келиб чиқиб, олимлар тавозе – бу инсонлар билан юмшоқ ва чиройли муомалада бўлиш, ҳар қандай ҳолатда ҳақиқатни эътироф этиш, меҳрибонлик кўрсатиш, — дейишган. Машҳур тасаввуф олими Музаффар Қармисиний шундай дейди: “Тавозу – кимдан бўлмасин ҳақиқатни қабул қилишдир. Бу ҳақиқатга бўйин эгиш, уни эътироф қилиш билан бўлади”.

Қуръони карим оятларида “Тавозе” калимаси келмаган бўлса ҳам, аммо унга ишора қилувчи бир қатор оятлар мавжуддир. Ушбу оятларни назарда тутиб, “Тавозелик” Қуръони карим ахлоқларидан бири ҳисобланади, деб айта оламиз. Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида бундай дейди:

“Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси 63-оят)

Шу оятдан бошлаб 76-оятгача мустаҳкам имон ва чин ихлосли солиҳ мўминларнинг яхши сифатлари мадҳ этилган. Барча мўмин-мусулмонлар уларни илоҳий тавсия, ҳатто, буйруқ сифатида қабул қилишлари лозимдир.

Аллоҳ таоло юқоридаги ояти карималарида Ўзининг яхши бандаларини тавозелик ва улуғворлик, енгил ва виқор билан юрадилар, деб таърифлайди. Ҳудди шу маънодаги ояти карималар Исро сурасида ҳам келган. Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади:

“Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан”. (Исро сураси 37-оят)

Аллоҳ таоло инсон фарзанди барча муомала ва инсоний муносабатларда, юриш-туришда, сўзлашишда қандай олий одоб-ахлоқ ва чиройли сифатларга эга бўлиши кераклигини уқтириб Луқмони ҳаким тили билан шундай дейди:

 “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир”. (Луқмон сураси 18-19 оятлар)

Тавозелик хорлик билан мутакаббирлик ўртасидадир. У кибру ҳаво ва манманликнинг зиддидир. Илм ёки ибодатда, наслу насабда, молу дунё, гўзалликда, куч-қувват ёки мухлислар, хизматчилар кўплиги билан такаббурлик қилишнинг барчаси баробардир. Қуръони каримнинг одоб-ахлоққа чорловчи оятлари тавозени шарҳ этиб, унинг соҳибларига кўп ажру-савобларни ваъда қилса, такаббурлик ва унга муккасидан кетганларни аёвсиз танқид қилади.

Инсон тавозеликка эришиши учун аввало ўз нафсини кибриёлик, манманлик ва такаббурлик каби салбий сифатлардан бутунлай покламоғи лозим бўлади. Бу борада Аҳмад ибн Отиф Антокийнинг сўзи диққатга сазовор. У айтадики: “Сендан кибрликни йўқотувчи ва сендаги ғазабни сўндирувчи нарса тавозеларнинг энг улуғи ва фойдалигидир”.

Тавозе Қуръони карим мезонидаги улуғ хулқ бўлиб, барча пайғамбар ва расулларнинг зийнатига айланган. Қуръони карим оятлари ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳис саломни меҳрибон, раҳмдил, инсонларга яхшилик қилишга ҳарис каби сифатлар билан васф этади. Бу билан у зотни тавозелик борасида улуғ намуна эканларини барчамиз самимий ҳис этамиз. Парвардигори олам меҳрибон Пайғамбаримизга хитоб қилиб бундай дейди:

“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар”. (Оли Имрон сураси 159 оят)

Латифхўжа ДАДАХОНОВ
Сайхунобод тумани “Абдуолим ота”
жоме масжиди имом ноиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.