Аксар ҳолатда кўпчилик инсон оилавий муҳит тарбияси, ҳаётий тажрибаси, ёнидагиларидан эшитган, кўрган, ёки ўқиганларидан келиб чиқиб қилиётган ишлари ва бажараётган амалларини тўғри деб баҳолайди. Аслида яхшилик нима-ю, ёмонлик нима?, яхши инсон ким-у, ёмон инсон ким? буларнинг ҳаммаси, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръонда ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаламнинг ҳадисларида очиқ ва равшан баён қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси 177-оятида шундай марҳамат қилади: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир.”
Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир. Мусулмон киши тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Улуғ саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир» – деб марҳамат қилганлар. Яхшилик фақатгина молу-дунё билангина қилинмайди балки унинг турлари кўп. Инсонларга манфаат келтирадиган ва фойдали бўлган барча ишлар яхшиликдир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмон учун садақа лозим», – дедилар. «Эй Расулуллоҳ! Агар садақа қилишга нарса топа олмаса-чи?» – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касб-кор қилиб, ўзига ҳам манфаат келтиради, ортганини садақа қилади», – дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» – дейишди. «Қийналиб қолган бечораҳолга ёрдам беради», – дедилар. «Ёрдам ҳам беролмаса-чи?» – дейишди. «Яхшиликка буюради», – дедилар. «Бу ишни ҳам қилмаса-чи?» – дейишди. «Ёмонликдан тийилади. Мана шу ҳам унинг учун садақадир», – дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти
Демак, қўлимиздан бирор бир яхшилик қилиш келмаса, ҳеч бўлмаганда одамларга ёмонлик қилмайлик, зарар етказмайлик, бировларнинг яхшилик йўлларига ғов бўлмайлик, биз сабаб яхшилик йўллари беркилиб қолмасин. Инсондан қоладигани яхшилик ва ёмонликдир.
Ҳалилуллоҳ РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани “Хизробод”
жоме масжиди имом-хатиби.