Ёшларга, айниқса, уларнинг ўсмирлик даврида чиройли тарбия, гўзал ўрнак кўрсатишимиз керак. Уларни ким билан юрибди, ким билан дўст тутинди, суриштириб, огоҳ бўлиб туришимиз лозим. Уларнинг кўпчилиги ёмон дўстлар сабабли, ичкилик ва гиёҳвандликка ўрганиб қоладилар.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, аксарият жиноятларнинг илдизи бекорчиликка бориб тақалади. Фарзандларни билим-маърифатли, меҳнатсевар, ғайратли, ўз касбини пухта биладиган қилиб тарбиялаш, келажакда уларни халқимизга, динимизга фойдали инсон бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун фарзандларимиз бекорчи бўлиб қолишларига йўл қўймаслигимиз, балки уларни, билим олиш, китобхонлик, турли тўгараклар, спорт билан шуғулланиш, маданий ҳордиқ билан банд қилишимиз керак. Бу масала ҳозирги кунда давлатимиз ҳукумати диққат эътиборида турган иш бўлиб, ёшларга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Яна, шуни эслатамизки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом машҳур дуоларида ожизлик, дангасалик ва қарздорликдан паноҳ сўраганлар ва бу нарсалар кейинчалик инсонни камбағалликка ва ёлғон гапиришига сабаб бўлади.
Маст қилувчи ва гиёҳванд моддаларга мубтало бўлганлар чин тавба қилиб, бу йўлдан қайтсалар ва солиҳ амалларни қилиб, шариатимиз буйруқларига риоя этсалар, шоядки, Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳини кечирса, тўғри йўлига ҳидоят қилса. Бунинг учун аввало, ёмон шериклардан узоқроқ юришлари, солиҳ инсонларни дўст тутишлари керак. Зеро, инсон дўстининг дин-диёнатига мослашиб кетади.
Маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларнинг энг катта зарари оилаларнинг бузилишида намоён бўлмоқда. Маст ҳолда хотин, бола чақани уриб-сўкиш, ичкиликка берилиб, уларни нафақасиз ташлаб қўйиш жамиятимизда учраб турибди. Бунинг устига баъзи кишилар маст ҳолатда талоқ қўйиб, ўзларини қийин аҳволга солиб қўйишмоқда. Никоҳ ва талоқ масаласида ҳазил кетмайди, “маст эдим”, деган баҳоналар ҳам ўтмайди. Никоҳ эркак ва аёлнинг “топширдим”, “қабул қилдим” деган сўзлари билан боғлангани каби, эркакнинг бир оғиз “талоқ қилдим”, деган сўзи билан узилади. Динимизда мусулмон кишининг сўзи эътиборли, қадрли бўлади. Халқимиз бекорга: “Айтилган сўз – отилган ўқ”, демаган!
Маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳвандликнинг жамиятга, оилага ва инсон шахсиятига катта зарари бор. Бу моддалар жамиятда турли қотиллик, ўғирлик, зўравонлик каби оғир жиноятларни кўпайишига сабаб бўлади. Бу иллатлар оиладаги тинч тотувлик, ўзаро меҳр оқибат, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатга путур етказади, оиланинг иқтисодини издан чиқаради, оила аъзоларини руҳий тушкунликка солади. Шунинг учун уни Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: “Ёмонликларнинг онаси”, деб атаганлар. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар эса, соғлом турмуш тарзидан узоқлашади, обрўси тўкилиб, нафс бандасига айланади.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
масжиди имом-хатиби.