Отинойилар халқ ўқитувчилари деб эътироф қилинади. Ҳеч шубҳа йўқки, халқимиз орасида аёллар жамоаси билан отинойи кўпроқ мулоқотда бўлади. Аёллар тушунмаган жиҳатларини ўша ўқитувчидан сўрайдилар. Жумладан, нега Қуръони каримда ота-онани ҳурматлаш,уларга меҳр-мурувват кўрсатиш вожиб эканлиги бот-бот уқтириладию, фарзандларга меҳрибонлик қилишга буюрилган оятлар деярли учрамайди?
Қуръонни синчиклаб ўқиб-ўрганган киши ундан юқоридаги саволга жавоб топа олади.
Қуръонда бирон беҳуда жумла ёки сўз йўқдир. Аллоҳ таоло мўмин -мусулмонларни комил инсон қилиб тарбиялаш учун қайси фармонни неча марта такрорлаш лозим бўлса,уни шунча марта нозил қилган. Негаки, Яратган ўз бандаларининг жисмоний жиҳатларидан ҳам,руҳий хусусиятларидан ҳам жуда яхши огоҳдир.
Масалан, У зот ота-онага,хусусан онага ўз фарзандларига нисбатан шундай меҳр ато этганки, она учун энг оғир, ҳатто таҳликали давр бўлган ҳомиладорлик ва кўзи ёриш даври ҳамда чақалоқни эмизиб, тарбиялаш йиллари ота-она ҳаётидаги энг бахтли дамлардир.
Бинобарин,ота-онани фарзандига яхшилик қилишга буюраверишнинг ўзи бир ортиқча ишдир. Аммо фарзандлар эса ёшликларига бориб ёки ўзларининг ўғил-қизлари билан овора бўлиб қолишлари мумкин. Шунинг учун Қуръон фарзандларни тез-тез ота-она олдидаги бурчларини адо этишга даъват қилади.
Бир киши Пайғамбаримизнинг ( саллоллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: ”Ё Расуллоллоҳ, менга бир яхшиликни билдирингки, у билан дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаатдор бўлайин” – деди. У киши:” ота-онанг борми?” деб сўраганларида, у: “ Ҳа” деб жавоб берди.
Расулуллоҳ ( саллоллоҳу алайҳи ва саллам) : ”Ундай бўлса,уларнинг ҳақини адо қилгин ва уларни таомлантиргин. Уларга едирган ҳар бир луқманг учун жаннатда қаср бино қилинади”– дедилар. Яна бир киши Набий ( саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келиб : ”Ё Расуллоллоҳ, менинг онам бор ва мен унга инфоқ қилиб тураман.У эса менга тили билан азият беради.Нима қилайин?”-деди.
Расулуллоҳ ( саллоллоҳу алайҳи ва саллам):” унинг ҳақини адо қилгин. Аллоҳга қасамки,агар танангдан гўштингни кесиб берсанг ҳам, унинг ҳақининг тўртдан бирини ҳам адо қила олмайсан.Жаннат оналарнинг оёғи остида эканини билмайсанми?”– деб жавоб бердилар.” Энди онамга асло ёмон гапирмайман”-деди ва онасининг олдига келиб,унинг оёқларидан ўпди.
Баъзилар:” Бир банда фарз намозини ўқиб, кетидан ота-онасининг ҳақига мағфират сўраб, дуо қилса, аллоҳ унинг дуосини ижобат айлаб,гарчи фосиқ бўлсалар ҳам, Аллоҳ уларни мағфират қилади”-деганлар.
Шундай экан азизлар, кимнинг ота -онаси ҳаёт бўлса,уларнинг хизматларини беминнат қилиб, дуоларини олайлик.Ўтган ота-оналаримизни эса ҳақларига дуо қилиб, гуноҳларини мағфират қилишни сўраб, Аллоҳга илтижо қилайлик.
Зеро, суюкли пайғамбаримиз Расулуллоҳ ( саллоллоҳу алайҳи ва саллам):” Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида, ғазаби ота- онанинг ғазабидадир”-деганлар (Имом Термизий ривояти)
Раҳима Искандарова
Боёвут тумани “Қарапчи” МФЙ отинойиси