Киши агар маънан қашшоқ бўлса, бошқа бировга тобеъ бўлиб кетаверади. Бизлар ички дунёмизни гўзаллаштиришимиз керак. Бу албатта илм билан, китобларни мутолаа қилиш билан ҳосил бўлади. Агар ўзимиз илмли бўлсак, бизларни бошқа дин вакиллари ўз динларига даъват қила олмайди. Миллатимизни ва маънавиятимизни ўзининг ўтмиш тарихини яхши ўрганган, динини яхши билган кишигина қадрлайди.
Шу билан бирга эндигина бу дунёга қадам қўйган болажонларимизга ҳам ўзлигимизни танитиш учун, яъни мусулмончилигимиз ўргатиш учун ёшликларидан илмга қизиқтирмоқлигимиз зарур.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло оила бошлиқларини огоҳлантириб дейди:
“Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси, 6 оят).
Бундан ҳикмат шуки, фарзандларни Парвардигорга ҳақиқий банда қилиб, юртига, миллатига вафодор қилиб, ота-онасини севувчи фарзанд қилиб тарбия қилиш демакдир, уларга мана шундай илм ва маънавиятни бермоқликдир.
Имом Заҳҳок шундай дейдилар: “Болаларингизга, аҳлларингизга ва қўл остингиздагиларга Аллоҳ таоло китобида зикр қилган пайғамбарларнинг исмини, яъни тарихини ўргатинг, тоинки уларни таниб тасдиқласинлар.
Фарзандларимиз тарбиясига катта аҳамият бермоқлигимиз зарурлиги ҳақида сўз борар экан, яъни улар ҳар қандай сериалларни кўриб эмас, умрини хазон қиладиган, маънавиятини сўлдирадиган фақат компьютер ўйинхоналарида эмас, балки маънавий руҳиятини кучайтирадиган илмларни, яъни Қуръон ўқишни ўргатиш, одоб-ахлоқини гўзаллаштирадиган ҳадисларни ва пайғамбарлар тарихини ўқиб бериш, бу албатта ўз-ўзидан маънавиятимизнинг юксалишига олиб келади.
Албатта биз маънавияти улуғ миллатмиз, бизларнинг аждодларимиз дунёни маънавиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ҳар бир нарса ўз аслига қайтади дейилади – шунинг учун бизлар ўзимизнинг динимиз, қадриятимизнинг талабларига мувофиқ бўлишимиз лозим. Аждодларимиз имом Бухорий, имом Абу Ҳафс Кабир, Баҳоуддин Нақшбанд каби бобокалонлармизнинг файзу футуҳларидан бизларга ва зурриётимизга насиб айласин. Аллоҳ таоло ўзининг йўлидаги ҳидоятга халқимизни собит қадам қилсин, маънавиятмизнинг янада юксалишига Ўзи мададкор бўлсин.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби