Конституция – бахтимиз қомуси, тараққиётимиз пойдевори

Конституция – давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби муқаддасдир. Зеро, ўз тимсолида она Ватанимиз, халқимизнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттиради. У Ватанимиз каби ягонадир. Тарихга назар ташласак, ҳар қандай ривожланган жамият борки, албатта, ўзининг бирламчи қонунларини жорий қилиб, унинг устуворлигини таъминлаган. Айнан ана шу қонунлар устуворлиги уларнинг ривожланишида муҳим рол ўйнаган.             

         Конституция – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати Ўзбекистон Конституциясида, давлат, ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолатга қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.Конституциянинг 2- боб, 13- моддасида шундай дейилади:”Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”.5- боб, 18 – моддасида эса умумий қоидалар хусусида сўз юритилиб: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт” дейилади.

          Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Бироқ, республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари уларнинг анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши, ривожланишлари учун шарт-шароит яратилиши ҳам назарда тутилган.

          Мамлакатда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлибгина қолмай, ўз ҳудудида ва унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди.

Конституция, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанлари ичида эркин ҳаракатланишлари, истаган жойларига кўчиб бориб яшаш ҳуқуқларини ҳам кафолатлайди.

           Конституция – виждон эркинлиги кафолати.Бу ҳақда 7- боб, 31- маддасида шундай дейилади:”амма учун виждон эркинлиги кафолатланади.Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. 14- боб, 66- моддасида оила масаласида шундай дейилган:”Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”.

           Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг шаклланиши ва мустаҳкамланишини, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сиёсий ва ҳуқуқий тизимимиз барқарорлигини, олдимизда турган масъулиятли сиёсий ва иқтисодий вазифаларнинг адо этилишини, фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишини, энг муҳими, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини таъминлайдиган муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби.
Устоз  Ҳабибуллоҳ домла Зокиров

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan