Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди. Барча қийинчилик, жабр-зулм ва адолатсизликларга қарамай, буюк аждодларининг муносиб авлодлари, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг конуний ворислари эканини ҳар томонлама исботлади. Она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида муҳим воқеа бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ муҳокамасидан ўтганидан кейин, 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат қабул қилиниши мустақил юртимизнинг давлатчилик тарихида буюк воқеа бўлди.
Истиклолга эришгач, мамлакатимиз тараккиётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуклар замирида мана шу Асосий Қонунимиз ётади. Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир.
Маълумки Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдалар. Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилди. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. … Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл кўйилмайди”, деб алоҳида таъкидланган.
Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.
Бугун дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганини яқкол кўрсатади.
Абдурауф ЁРБЕКОВ
Сирдарё вилояти вакил ўринбосари