ИСРОФНИНГ КАТТА-КИЧИГИ ЙЎҚ

Бандага берилган мол-мулк Аллоҳ таолонинг катта неъмати экани ҳаммага маълум. Қиёматда ҳар бир неъматнинг ҳисоб-китоби бўлгани каби, мол-мулк неъматининг ҳам алоҳида ҳисоб-китоби бор. Бу борада ҳукамоларимиз: “Мол-мулкнинг ҳалолининг ҳисоби, ҳаромининг азоби бор”, — деганлар. Шундай экан, ҳалол мол-мулкни сарфлашда зинҳор исрофга йўл қўймаслик, ҳаромдан эса ҳазар қилиш лозим.

Динимиз кўрсатмаси бўйича инсон аввало барча моддий ва маънавий таъминотни ўз оиласидан бошлаши керак. Эҳсони ҳам ҳадияси ҳам ота-онаси, бола-чақаси, қавму қариндошидан бошланиши лозим. Фарзандларини яхши кийинтириб, таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоғлиги, эҳсон қилса, сийлаи раҳмни ёддан кўтармаган ҳолда аввало қавму-қариндош, етим-есир, эҳтиёжманд оилаларга алоҳида урғу бериб таклиф этиши шариатнинг кўрсатмаларидандир.

Турли марака ва маросимларни амалга оширишда юқоридаги қатлам вакилларининг ризқини қийиб, ўзгаларни қорнини тўйдиришни динимиз буюрмайди.

         Ҳаким Термизий “Наводирул усул” китобида ривоят қилган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўлгин! Агар у неъматлар бирор қавмдан олиб қўйилса, камдан-кам ҳолларда қайтиб келади”, — деб келтирилган.

Исроф қилиш берилган неъматларга ношукрлик демакдир. Шундай экан ҳар нарсада тежамкор ва парҳезкор бўлиш, ҳаётнинг, берилган умрнинг, ҳар дақиқасининг қадрига етиш муҳимдир. Маълумки, ўзбек халқи меҳмондўст бўлиш билан бирга тўй-ҳашамлар, маросимлар, турли хил зиёфатларга бой бўлган ажойиб халқдир. Бу жуда ҳам яхши фазилат, албатта. Аммо, уч-тўрт хил овқатлар, ширин таомлар, ичимликлар буларнинг барчаси манманлик ва хўжакўрсин учун қилинган амаллар сирасига кириб, алал-оқибат исрофгарчиликка сабаб бўлгани боис, савоб иш билан бирга гуноҳни ҳам ортириб олинаётганини билиб, бундан тийилиш, неъматнинг шукрини адо этган бўлинар эди. Еб-ичиш гуноҳ эмас, албатта, аммо исроф қилиш гуноҳдир. Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳи келтирган ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер, — деганлар. Афсуски, аксарият кишилар еб-ичишнинг хилма-хил экани ва мўл-кўллиги билан роҳат-фароғат топаман, деб ўйлайдилар. Лекин “Қорним тўқ, не ғамим бор?”, дейдиганлар адашадилар. Озиқ-овқатларни кўп истеъмол қилиш ҳам соғлиққа зарар эканини, кўп касалликларга олиб келишини тиббиёт исботлаган.

Айрим “ижодкор”лар ўйлаб топаётган янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, тамомила исрофгарликка йўғрилган дабдабали одатлар ташвишга солади кишини.

Баъзилар: Тўй бериш ҳам хайр-эҳсон қилишдир, дея бу ҳолатни оқламоқчи бўлишади. Бироқ бундай маросимлар асло хайрли эмас, аксинча, ўзини кўз-кўзлаш, мақтаниш, кибрланишдан иборат холос.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир” – деганлар.

Баъзилар исроф деганда ейилмай, ичилмай қолиб кетган егуликларни, фойдаланилмаган нарсаларнинг ўзинигина тушунишади. Аслида эса исроф фақат бундан иборатмас.

Исрофнинг катта-кичиги йўқ.  Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини тўғрилаш, кам таъминланган оила фарзандининг тўлов-шартномасига қарашиб юбориш, ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!  

Саҳобаи киромлардан бирлари Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўйни қандай қилиш кераклиги ҳақида сўраганларида Муҳаммад алайҳиссалом: “Битта қўй бўлса ҳам сўйгин”, — деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, “Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин” — деганлар. Шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, илоҳий китобларда зикр қилинган оят ва ҳадисларга мувофиқ яшамоқлари лозимдур.

Бугунги тўйларимизда кишининг дилини хуфтон қиладиган ҳолатлар бир талай. Дейлик, кўпчилигимиз учун оддий нарсага айланиб қолган базм бошланиши билан раққосаларнинг “даврани қизитиши”га парво ҳам қилмай қўйганмиз. Таассуфки, улар хатти-ҳаракатларининг рақс санъатига мутлақо алоқаси йўқ. Аксинча, эркагу ёш йигитчалар атрофида гирдикапалак бўлиб қилинган муқом, беҳаё қилиқлар одамнинг ғашини келтиради. Наҳотки, пул илинжида миллий қадрият ва анъаналаримиз оёқости қилинса?! Хўш, бу ҳолат кимга ибрат бўлади? Бир отахон хафа бўлиб, бир қариндошиникига кечги базмга бориб қолибман дейди. Мастлар микрофонни олиб шундай ёмон сўзларни гапираяпти. Шарманда, ҳолинга вой ўзбек дедим. Ахир тўйда ёшлар, хотин-қизлар, кексалар ҳам иштирок этишади-ку?! Нега йиғилганлар орасида ота-оналар ҳам борлиги ҳисобга олинмайди? Ор-номус, ибо-ҳаё, ўзбекона андиша қаёқда қолди? Афсуски, бу мавзу кўп бор гапирилди, матбуотда ёритилди. Бироқ сезиларли амалий натижалар кўзга ташланаётгани йўқ.

Одатда, данғиллама тўй қилиб, исрофгарчиликка йўл қўяётган инсонларга танбеҳ берилганда, “Бизнинг ҳам ўз орзу-ҳавасларимиз бор”, дея эътироз билдиришади. Наҳотки юқоридаги каби миллийлигимизга ёт удумлар ўша ота-оналар учун орзу-ҳавас бўлса?!

Тўй азалий қадриятларимизнинг бир бўлаги, дедик. Шундай экан, тўйларнинг тартибли ўтказилиши ва бунда кимга, қачон сўз берилиши олдиндан келишилиши мақсадга мувофиқ, назаримизда.

Худога шукр халқимизни тўй ҳашамлари кўп. Ана шуларни ўтказаман деб йиллаб йиғинади. Аммо уни бир кунда кўкка совуради. Шу йиққан маблағларини топгунча қанчалар захмат чеккан. Вақтлари кетган. Умрлари сарфланган. Соғликларига зарар етган. Боламни тўйини қиламан деб, халқимиз умрини зое кетказаяптилар. Ваҳоланки, шу маблағларни фарзандларининг илм олиши, яшашига қулай шароитларни қилиб берсалар бўлади-ку?! Ўзи ҳам вақтида дам олишларга чиқиб, ўзини соғлиги учун вақт сарфласа, маблағ сарфласа бўлади-ку?! Йўқ, ундай қилмаймиз. Фалончини тўйи ундай ўтди. Мен ундан ҳам ортиқроқ қилишим керак деган ўй ва орзу-ҳаваслар билан тўйларни ўтказишади. Бир тўйхона олдидан ўтаётсам ташқарида шовқин, баланд овоз билан оркестр мусиқа чалиб турибди. Мана яна қўшимча янгилик! Ичкарида ҳам созанда ва хонандалар бор. Бу ҳолатлар нақд исрофнинг ўзику?!

Динимиз таълимотида никоҳ тўйи суннат. Аммо бу кўринишда суннатлигидан асар ҳам қолмаяпти. Бидъатга тўла бўлиб қолди. Мисол тариқасида – тўйга тайёргарлик, жиҳоз. Аслида тўй қилиш куёв томоннинг вазифаси.

Шунчалар мубтало бўлганларки, тўйлар ундан кейинги маросимлар учун бировлардан қарз оладилар. Қарз олиб, тўйдан кейин у қарзни узолмай одамлар ичида юзи шувут бўлиб, касалликка чалиниб, бир умр дардман бўлиб қолишаяпти. Ана дабдабабозликнинг оқибати, исрофнинг оқибати. Шунинг учун миллий ва диний қадриятларимизни эсдан чиқармайлик!

Абдуғаффор МУХАММАДИЕВ
“Ховос” жоме масжиди имом-хатиби                    

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *