МУСТАКИЛЛИК НЕЬМАТИ ШУКРОНАСИ

Мустақил диёрда, фаровон, тинч-тотув яшаб юрганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таоло бизга берган буюк неъмат  она Ватанимиз мустақил бўлганига ҳам 28 йил бўлди. Ўтган йиллар мобайнида, барча соҳаларда бўлгани каби, дин ва ибодат масалаларида ҳам эркинлик, яхши шароитлар ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди. Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, ҳаммасини бирдек кўриб, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилинган:

“Агар шукр қилсангиз У сизлардан рози бўлур”. (Зумар сураси 7 оят).

Ушбу оятдан маълум бўладики, оламлар Роббиси розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай ҳолатда ҳам шукрона калимасини такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларда ҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтиб юрувчи кишидир”.

Неъматнинг Аллоҳдан эканлигини билишнинг ўзи ҳам ана шу шукрнинг бир навъидир. Фузайл бин Иёз розияллоҳу анҳу Сабаъ сурасининг 13-оятидаги:

“(Эй) Довуд оиласи! (Бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир”, — деган жумласининг тафсирида шундай ривоятни келтирадилар: Бир куни Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога муножот қилиб: “Эй Роббим! Мен ўзимча сенга шукр қилишим мумкин? Ҳолбуки Сенга шукр айтишимнинг ўзи ҳам Сенинг бир неъматинг-ку?!”, — деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Довуд, мана эндигина ҳақиқий шукрни адо этдинг” — деди. Яъни, банданинг унга берилган неъматларга шукрона келтиришининг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг бир неъмати экан.

Бизлар ҳам ўзимиз баҳраманд бўлиб турган неъматлар устида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган энг улуғ неъматларидан бири, юртимизнинг 28 йиллик тўйини нишонладик. Ватанимизнинг истиқлолга эришиши шарофати билан қанчадан қанча неъматларга мушарраф бўлдик. Мустақилликдан олдин мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади.

Айримлар орамизда борки, доимо куфрона неъматдан ўзга нарсани билмайдилар, яъни ношукрлик ва нонкўрлик қиладилар. Ҳақиқий мўмин киши учун ибодатини бемалол қилишдан ўзга бир неъмат бўлмаса керак. Мустабид шўролар даврида фақат ҳайитлар ўқилар эди. Уни ҳам бошқа мамлакатлар совет иттифоқида диний эркинлик йўқ дегани учун ўша пайтда ийдларни ўқишга рухсат берилган эди. Энди қандай қилиб маъруза-ю ибодат қилинганлигини ёши улуғ имомларимиздан сўранг. Ҳозирда Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, ҳайиту жума намозларидан ташқари беш вақт намоз масжидларга бемалол, ҳеч бир тўсиқсиз адо этилмоқда. Бундай неъматнинг шукронасини қилмаган одам албатта, куфрона неъмат қилган бўлади-да.

Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ҳамда Парвардигорнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб:

“Аллоҳ таоло бандага кичикми, каттами бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, — деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду шукроналар айтмоғимиз лозимдир. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлиги ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, — дедилар”.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офатлар сабабидан, яна баъзи жойларда эса кирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқда.  Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати соясида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимга 4 нарса берилган бўлса, батаҳқиқ унга дунё ва охират яхшиликлари берилибди. Улар: зикр айтувчи тил, шукр қилувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа аёл”.

ХАЛИЛЛУЛЛО РАИМКУЛОВ
Ховос тумани “Хизробод” жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *