Жаҳолатга қарши маърифат

Бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятининг асосий муаммоларидан бири бу диний экстремизм ва ақидапарастлик иллатларига қарши кураш бўлиб қолди. Бу муаммо билан курашиш аввало ўзимиздан, яъни ўз хонадонимиз, ўз маҳалламиз ва ўз туманимиздан бошланиши лозим. Бунинг учун вояга етиб келаётган ёшларнинг диний илмларини, диний дунёқарашларини ҳақиқий уламолардан, тасдиқланган диний адабиётлардан, оят ва ҳадислардан, энг асосийси муқаддас китобимиз – Қуръони каримдан олишимиз лозим.

          Туманимизда бугунги кунда барча рўйхатдан ўтган масжидларда юздан ортиқ исломий ва диний адабиётларимиз мавжуд. Бу адабиётлар билан минглаб тумандошларимиз танишиб, ўз диний билимларини ошириб бормоқдалар. Муҳтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг бешта муҳим ташаббусларидан бири бу бадиий адабиётни риводлантиришдир. Шунга кўра ҳар қандай иллатга қарши ўз адабиётларимиз, қўлланмаларимиз ёрдамида кураша олишимиз мумкиндир. Бу ҳақда муборак Қуръони каримнинг “Алақ” сурасида ва яна Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадиси шарифларида “Бешикдан қабргача илм изла” деган муборак жумлалари барчамизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

          “Китоб” арабча сўз бўлиб, луғатда “ёзиш”, “ёзув”, “битик” маъноларини англатади. Шариат истилоҳида эса, Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони карим назарда тутилади. Зеро, Аллоҳ таоло  бундай марҳамат қилади: “(Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу китоб (яъни, Қуръон) тақволи кишилар учун раҳбар-йўлбошчидир”. “Бақара” сураси, 2-оят.

          Ҳар бир пайғамбарга юборилган ваҳийлар тўплами ҳам Қуръони каримда “китоб”, “саҳифалар”, “битиклар” – деб аталади. Охирзамон умматига туширилган энг сўнгги илоҳий Китобнинг илк нозил бўлган оятлари: “Ўқи!” (“Алақ” сураси, 1-оят), – деган буйруқ билан бошланади. Шунинг ўзиёқ  бу уммат китоб ўқиш ва илм олиш билангина муваффақиятга эришиши мумкинлигини англатади. Китоблар – маънавий мерос, бу маънавий меросни ўқиб-ўрганиш келажак авлод вакилларининг юксак чўққиларни забт этишларига замин яратади. Демак, китоб олдингиларнинг илм хазиналарини очиб берувчи калит ва тараққиётга кўприкдир.

          Аммо, бугунги кунда китобга ҳавас ёшларимизда унчалик кўзга ташланмаяпти. Унинг ўрнига қаердан пайдо бўлгани ва унинг натижаси маълум бўлмаган турли хил интернет сайтлари, муборак Қуръони карим нотўғри тафсир этилган сайтлар, диний ақидапарастлик ва экстремизмни ташвиқ қиладиган маълумотлар яширинган турли хил интернет нашрлари ёшларнинг “қизиқувчанлиги” сабабли  кўпайиб бормоқда. Агар ёшларимиз китобга ошно бўлсалар, дунёқарашларини кенгайтирсалар, бу каби иллатларга рўбарў бўлмайдилар. Бунинг учун уларда маърифатга, айниқса китобга меҳрларини оширишимиз даркор. Шу сабабли бизлар ўз билимларимиз, насиҳатларимиз, маъруза ва суҳбатларимиз орқали ёшларни маърифатга бўлган интилишларини кучайтиришимиз лозим. Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқ. Китоб − фасоҳату балоғатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳ, ёлғизликда ва ташвишли кунларда мунис улфатдир. Суҳбатидан кишига малоллик етмайди, дўстининг дилини оғритмайди, орқасидан ғийбат қилмайди. Инсон китобдан шундай файзли фойдалар ҳосил қиладики, бундайини ҳеч қаердан топа олмайсиз. Шунинг учун китобни билим булоғи дейдилар!

Охунжон Васиев
Сайхунобод тумани бош имом-хатиб

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan