Суқрот ҳаким: “Неъмат − давлатимиз бор пайтда шукр бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг калити бўлиб, неъматга шукр, давлат ва осойишталикнинг кўпайишига сабаб бўлади”, – деганлар. Одам алайҳиссалом жон кириши билан аксириб, “Алҳамдулиллаҳ!”, – деганлар. Шукр айтиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос.
Йўқ нарсага қайғурмайдиган эмас, борига шукр қилувчи донодир. Тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уч тўрт хил таомларни тўйиб еб олиб, тирикчиликнинг қийинлашиб кетаётгани борасида нолий бошлайдилар. Ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Эй Одам фарзанди! Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю лекин шикоятдан тилинг ҳеч чарчамайди”.
Инсон ҳамма орзусига етолмайди. Шунинг учун ўзига қараганда бечора ҳолроқ бўлганларни кўриб, ўз аҳволига шукр қилиш ақиллилик аломатидир. Агар дунёга илмий нуқтаи назардан қарасак, барча нарсанинг нисбий эканини инобатга олсак, ношукрлик қилмаган бўлардик. Бу ҳақда қудсий ҳадис: “Эй Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”.
Дунё қайғуси ўй хаёлини қамраган чоғда киши ўзидан ҳам холи хоробларни эслаб шукр қилиши керак. Ўз ҳолига шукр қилувчининг қалбида иймон нури порлайди. Инсон бу нур билан ҳузурга эришади.
Ибн масъуд розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Шукр − иймонниг ярми. Билки шукр қалб билан, тил билан ва аъзолар билан изҳор этилади”.
Қалб билан шукр қилиш − қалб билан яхши нарсаларни ният қилиш ва барча жонзотлар учун қалбда яхши фикрларни жо этиш демак. Тил билан шукр қилиш − шукрни далилловчи сўз ва жумлалар билан Аллоҳ таолога ҳамд айтмоқлик. Аъзолар билан шукр айтмоқлик − Аллоҳ таолонинг неъматларини ибодат, итоат ва яхшилик йўлларида ишлатиш, уларни Аллоҳ таолога исён йўлида ишлатишдан тийилишдир. Киши фақат ўзи эмас, ота-онаси ёки фарзандлари ёки опа-укалари кўчага чиқиб келгандан кейин ҳам уларни соғ омон кўраётгани учун шукр қилиб қўйиши керак.
Аллоҳ таоло: “Ва шукр қилувчиларни муносиб мукофотлаймиз” (Оли Имрон сурасидан) деб ваъда қилган.
Шукр қилувчи бўлайлик. Зеро, шукр қилишда қийинчилик йўқдир. Шукр неъмат лаззатини оширади. Давомли бўлишини таъминлайди. Шукр − қоноат, тежамкорлик, розилик, мамнуният билан, ношукрлик − ҳирс, исроф, қаноатсизлик, ҳалол-ҳаромни ажратмаслик билан бўлади.
Абдуғаффор Мухаммадиев
Ховос жоме масжиди имом-хатиби