Рамазон ойи муборак бўлсин

Жонажон диёримизга Рамазон ойи муборак бўлсин! Бу ой – саодат асридан буюн мусулмонлар томонидан алоҳида аҳамият билан кутиб олинадиган ойдир. Шундай доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамд ва шукрлар бўлсин!

Ойларнинг султони, баракаси улуғ ойнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилайлик. Зеро “Рамазон ойи – инсонлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир…” (Бақара сураси, 185-оят).

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Агар умматим Рамазон хислатини билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди. Албатта бу ойда яхшиликлар жамланади, ибодатлар қабул бўлади, дуолар ижобат бўлади, гуноҳлар кечирилади, жаннат уларга ошиқ бўлади” – деганлар.  “Жаннат тўрт хил кишиларга муштоқдир: Қуръон ўқигувчига, тилини сақлагувчига, очларни тўйдирувчига ва Рамазон ойининг рўзасини тутгувчига” – дейилади бошқа бир ҳадиси шарифда.

Чин дилдан, ихлос билан тутилган рўза боис гуноҳлар авф этилади. Бу борада, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: Кимки бу ойда рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутгувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўза инсоннинг нафсини жиловлайди. Бу илоҳий тарбия ойида рўзадор киши ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, чақимчилик ва уруш-жанжал каби иллатлардан сақланиб, доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Зеро кимки рўзадор бўлатуриб, ёлғончилик, чақимчилик ва ғийбатдан тўхтамаса, унинг оч-наҳор юриб рўза тутганидан фойда йўқ.

Рамазон ойига хос ишлардан яна бири ифторликдир. Ифторлик бир қараганда кечки таомланишдек. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир: бири ифторлик вақтида, иккинчиси эса охиратда Парвардигорга йўлиққан вақтда”.

Рўзадорларга ифторлик беришнинг фазилати ҳақида ҳадисларда “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди”, дейилган.

Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, Рамазон ойида кўпчилигимиз рўзадорларга ифторлик қилиб беришга ошиқамиз. Бу билан ифторлик қилиб берувчига ваъда қилинган мукофотларга эришиш учун хонадон аҳли ҳаракат қилади. Ифторликни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, меъёрида қилингани мақсадга мувофиқ. Дастурхонларга ортиқча зебу-зийнат бериш, дабдабалик, риёкорлик, кибр билан ифторликни ўтказишдан сақланиш лозим. Баъзан мусибат етган хонадон эгалари кўплаб одамларни чақириб ифторлик номи билан худойи қилишади. Худойига келганларнинг ичида эса саноқли одамларгина рўзадор бўлишади. Бундай ҳолатларда хонадон эгалари қийин аҳволга тушиб қолмасликлари учун рўза кунларидаги маракаларни ифторликда ихчам ва ортиқча сарф-ҳаражатларсиз ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Аллоҳ исроф қилгувчиларни дўст тутмайди.

Рўза тутиб очликни ўзида ҳис қилган киши камбағал, бева-бечоралар ва фақир-мискинларнинг ҳолини чин дилдан ҳис қила бошлайди ва уларга нисбатан қалбида меҳр-мурувват ва саховат туйғуси янада кучаяди. Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, ҳайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимларни бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йилнинг 11 май куни «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борада барчамизнинг масъулиятимизни янада ошириб, ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларга саховат қилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга ундайди.

Аллоҳ таолодан Рамазон ойини “ Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йилида азиз ва жаннатмакон диёримиз учун хайрли ва баракали қилишини, халқимиз учун улкан ютуқ ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламиз.

Мўминжон Усмонов

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.