Рамазон соғинчи

Муборак Рамазон ойи бизнинг ўлкамизга соя ташлади. Бу муборак ойни ҳақиқий мўмин кишилар ўзгача бир соғинч ва хурсандлик билан кутиб оладилар. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик вақти ҳар бир оилага ўзига хос қувонч улашади. Аллоҳ таоло бандаларига ушбу рўза ойида еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийишга буюради ва бандалари эса бундан хурсанд бўлишади. Мана шу бир ой ичида банда энг олий фазилат бўлмиш сабр қилишни ўрганади. Чунки нафсининг ҳар хил хоҳишларидан сабр қилади, ён-атрофдаги содир бўладиган ҳар қандай вазиятларга сабр қилади. Шунинг учун бу ойни сабр ойи ҳам деб атайдилар.

Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бўлади, жасаднинг закоти рўзадир”.

Овқат жасадга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Овқатсиз яшаб бўлмаганидек, руҳ ҳам рўзасиз яшолмайди, маънан чарчайди, ўлади, ибодатга ярамайдиган мажруҳ бўлиб қолади. Рўза нимадан иборат? Албатта, очликдан иборат, очликнинг эса фойдалари кўп. Инсонда очлик ҳолати қалбдаги иллат ва ғуборларни, мутакаббирлик ва манманликни кетказади. Аллоҳнинг балоси ва азоби қаттиқ бўлишини эсга туширади, гуноҳ амалларга мойил бўлишнинг олдини олади, уйқуни камайтириб, бедор бўлишга чорлайди, доимий ибодат ва шукр қилишга ўргатади. Очлик ҳолатини бошидан кечирган одам бехосдан қийинчиликка учраб қолса, сабр-тоқат билан уни осон енгади. Доимо маишатда юрган тўқ одам ҳаётда озгина қийинчиликка йўлиқса, қаттиқ талвасага тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва уни енгиб ўтишга иродаси етмайди. Бир сўз билан айтганда, рўза инсонни бандачиликка ўргатади.

Буюк машойихлардан, тариқати нақшбандиянинг пири комиллардан бири Муҳаммад Зоҳид Қутқу ҳазратлари шундай дейдилар: “Рўзани фақат жасадингга тутдирма, руҳинг ҳам рўзадор бўлсин”.

Имом Ғаззолий дейдилар: “Билгилки, рўза 3 даражададир: омманинг рўзаси, хоснинг рўзаси ва хоснинг хоси рўзаси:

Омманинг рўзаси – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш.

Хоснинг рўзаси – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Булар солиҳ бандалардир.

Хоснинг хос рўзаси эса – ўзни оғир ташвишлар ва дунёвий фикрлардан рўза туттириш, Аллоҳ таоло зикридан бошқа нарсани батамом тўсишдир. Бу рўзада оғиз очилиши Аллоҳ таоло ва охират кунидан бошқани фикрлаш, яъни дунёни ўйлаш билан ҳосил бўлади. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар ва муқарраб зотлар даражасидир”.

“Бир куни Расулуллоҳ (алайҳис-салом) минбарга чиқаётиб, бир қадам ташлаб “Омийн”, дедилар. Иккинчи қадам ташлаб яна “Омийн”, дедилар. Учинчи қадамни босганларида ҳам “Омийн”, дедилар. Хутбани ўқиб минбардан тушганларида саҳобалар: “Ё Расулоллоҳ, хутба ўқиш учун минбарга чиқаётиб нима учун 3 марта “Омийн”, дедингиз?”, деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар: “Мен минбарга чиқаётганимда Жаброил келиб, дедилар: “Кимни олдида сизнинг исмингиз айтилганда сизга салавот айтмаса, Аллоҳ таоло ундан узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг” деди. “Омийн”, дедим. Яна айтдики: “Эй Муҳаммад, қайси фарзанд ота-онаси тирик бўлиб ёки иккалаларидан бирлари ҳаёт бўла туриб, уларнинг ризоликларини ололмай, ўлиб дўзахга кирса, бундай имкониятни бой берган фарзанддан Аллоҳ таоло ундан узоқлашади “Омийн”, денг “Омийн”, дедим”. Кейин яна деди: Эй Муҳаммад, ким Рамазон ойини ўтказиб, кейин ўлса-ю гуноҳи кечирилмаган бўлса, ундан ҳам Аллоҳ таоло ундан узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг”, деди. “Омийн”, дедим.

Ким мана шу ҳолатни хоҳлайди? Албатта, ҳеч ким. Хўш, биз нима қилишимиз керак? Биз нималарга эътибор беришимиш зарур? Биз нима амал қилсак рўзамиз Парвардигор хоҳлаганидек бўлади? Расулуллоҳ с.а.в. айтганларидек:

“Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўза бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, мен рўзадорман, мен рўзадорман, десин”

Яъни “мен рўзадорман” дейишлиги билан киши: “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деганидир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Албатта рўза омонатдир. Сизлардан ҳар бирингиз ўз омонатини сақласин”.

“Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради”.

 Ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги ҳаммамизга маълум. Рўзанинг зоҳири, яъни пўсти бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний – жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса бу юқорида айтиб ўтилган ҳадисларга  амал қилишликдир, яъни – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Энди ихтиёр ҳар биримизнинг қўлимизда, Қиёматда Парвардигорнинг олдига борганда пўстлоқ билан борамиз-ми ёки пўстлоқнинг мағзи билан бирга олиб борамиз-ми? Хоҳласангиз пўстлоқ билан кифояланинг, хоҳласангиз ҳадисларга амал қилиб, ҳақиқий рўза тутинг!

НОСИРОВ БОТИР

Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме масжиди имом хатиби: 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan