Инсоният тарихида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта «ғоялари» ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.
Ҳозирда бу террорчи кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўллар ва қилаётган ишлари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.
Минг афсуски, XXI аср ҳам инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил эта олмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.
«Ислом» ва «террор» сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган.
Террористик ташкилот ва гуруҳларнинг қилаётган ишлари ва даъволари бир бирига мутлақо зиддир. Чунки улар динни ниқоб қилган холда одамларни ўз йўлларига даъват қилаётган бўлса, қилаётган ишлари эса мутлақо дин кўрсатмалари ва буйруқларига зиддир. Улар динни даъво қилиб зулм, қароқчилик, бегуноҳ одамларни ноҳақ ўлдириш, шаҳарларни вайрон қилиш, аёллар ва болаларни ҳам аяб ўтирмасдан қатл қилишлари ақлга сиғмайди. Бундай ноинсоний ишларни Ислом дини оқламайди, балки бундайларга Аллоҳнинг аламли азоблари борлиги Қуръони каримда ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларида қайд қилиб ўтилган.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузғунчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”. (Нахл, 91)
Яна бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”. (Шуъро, 151-152)
Террорчи гуруҳларнинг авваламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда «террор» деб атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда «гуноҳи кабира»(катта гуноҳ), деб белгилаб қўйилган. Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ эканини кўради.
Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбар (алайҳис-салом) Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлилик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.
Аллоҳ таоло қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.(Бақара, 208)
Одам ўлдиришга қасд қилиш муқаддас ислом динимизда кечирилмас “гуноҳи азим” ҳисобланиб, гуноҳкор охиратда жаҳаннам азобларига дучор бўлиши қайд этилади. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:
“Қайси бир мусулмон киши иккинчи бир мусулмон биродарига тиғ кўтарса, то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча Аллоҳнинг фаришталари унга лаънат айтиб турурлар”, – дейилган. (Муслим ривояти)
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.):
“Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилмоқ эса куфрдир”, – деб марҳамат қилганлар.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда: “Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дейилган. Бундан кўринадики, Ислом бор моҳияти, бутун таълимоти билан тинчлик-осойишталикка интиладиган диндир. Ва яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.):
“Мусулмон киши мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”. Демак, ҳар қандай йўл билан жамият ва кишилар тинчлиги ва хавсизлигига халал етказиш, хавф солиш мутлақо мумкин эмаслиги маълум бўлди.
Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоатларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки экинзор-у дарахтларни йўқ қилиниши қатъий таъқиқлаган. Бунинг акси ўлароқ, бу бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ва барча вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар. Натижада турли дин вакиллари, буларнинг ичида мусулмонлар ҳам бор, аёллар, кексалар ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда.
Ояти каримада Аллоҳ таоло:
«(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!» (Иброҳим, 42), деб марҳамат қилган.
Бугунги кунда турли доиралар манфаати йўлида маълум бир гуруҳ ёки оқимлар ғояларига мутаассибона ёндошиш оқибатида, минглаб инсонлар қонини тўкаётган, таълим даргоҳлари устоз ва ўқувчилари билан бирга ёндириб, портлатиб юбораётган, масжидда ибодат учун тўпланган мусулмонлар ўртасида қўпорувчилик содир этаётган шахслар энг катта зулм қилаётган кимсалар бўлиб, нафақат мусулмончилик, балки инсоний қиёфасини йўқотганлиги билан сифатлаш ўринлидир.
Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!».
Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини мулоҳаза қилсак, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан қайтаради.
Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “А.Яссавий” жоме масжиди имом-хатиби