ОНАЖОНИМ, ВОЛИДАИ МЕҲРИБОНИМ!!!

(Марсиядан парча)

«Онажоним!!! Волидаи меҳрибоним!!!‎
Сиз дорул фанони тарк айлаб, дорул бақога риҳлат қилдингиз. Баданга – ‎жисмга, моддий нарсаларга боғлиқ бўлган бу тор дунё ташвишларини ор‎тда қолдириб, уфқлари чексиз бўлган, ҳеч қандай моддий нарсага боғлиқ ‎бўлмаган руҳий оламга етишдингиз. Энди мен – Сизнинг жигарбандингиз ‎Сиз азизамнинг жисмингизга, бу моддий дунёга тегишли бўлмаган жони‎бингизга хитоб қила олмайман. Энди мен – Сизнинг жигарбандингиз Сиз ‎меҳрибоним ила фақатгина кўзим тўла ёш, қалбим тўла соғинч билан, хаёлимдагина гаплаша оламан.‎..
…Онажоним!!! Волидаи меҳрибоним!!!‎
Ҳаж ибодатидан бошқа вақтда доимо биз билан ўтирдингиз. Иккимиз ‎ёлғиз қолиб, роса «ҳасратлашдик» ҳам. Болалигимдан қолган одат бўйича бошимни тиззангизга қўйдим, Сиз эса бошимни қучоқлаб, ‎юмшоқ қўлларингиз билан силадингиз. Ўшанда умримда энг охирги марта ‎шундай бахтли онларни кечираётганимни билмас эдим. Бундан кейин умр ‎бўйи Сизнинг меҳр тўла қучоғингизни қўмсаб ўтишимни хаёлимга ҳам ‎келтирмас эдим. Бундан кейин ғариб бошим ва елкаларим умрим бўйи ‎Сизнинг майин қўлларингизга зор бўлиб ўтишини билмас эдим.‎
Онажоним!!! Волидаи меҳрибоним!!!‎
Сизга осон бўлишини кўзлаб, йўл қисқа бўлиши учун ҳожиларнинг само‎лётларидан биридан бўш жой топиб, ортиқча ижроатлар қилиб кузатдик. ‎Самолётга чиқишингиздан олдин мени ортиқча уринтириб қўйганингизни ‎айтиб, узрнома гап айтдингиз. Сўнг ҳаққимга дуо қилдингиз. Меҳр билан ‎қучоқлаб, самолёт томон юриб кетдингиз. Олдинда бу ҳолатлардан сўнг ‎яна тўрт йил вақт ўтиши бор эди. Мен эса Сиз меҳрибонимни охирги марта ‎кўриб турганимни ҳис қилмас эдим. Ўшандаги хайрлашув олдидан ‎қучоқлашингиз охирги қучоқлашингиз экани, кейин умрим бўйи Сизнинг ‎қучоқлашингиздан маҳрум бўлиб қолаётганим хаёлимга ҳам келмас эди. ‎Ўшандаги мунаввар юзингизга термулиб боқишим охирги боқиш эканини, ‎энди умрим бўйи бу азиз юзларга қайта боқа олмаслигимни билмас эдим. ‎Ўшанда Сизнинг маъюс ва маъсум кўзларингизга сўнгги бор ‎боқаётганимни, бундан кейин умр бўйи бу кўзлар менга, мен эса уларга ‎боқмаслигимни, Ўзингизга хос гавдангизни ва Ўзингизга хос юришингизни ‎ҳорғин назарим билан сўнгги бор кузатиб қолаётганимни билмас эдим.‎
Онажоним!!! Волидаи меҳрибоним!!!‎
Сиз бизни кўриб, қайтиб кетдингиз. Йўқ, Сиз бизга ўзингизни кўрсатиб ‎кетдингиз. Ўша сафарингиз оналик жасоратингиз, оналик меҳрингиз, оналик ғайратингиз, оналик фидокорлигингиз, оналик фазилатингиз ва яна бир ‎қанча хислатларингиз мажмуаси эканини энди англаб турибмиз.‎..»

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Ҳижрий 1419 сана, 26 сафар. Якшанба, соат 9:26.‎
Милодий 1998 сана, 21 июнь‎

«Исломга бағишланган умр» (хотира) китобидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan