3 июнь куни “Ҳаж–2026” мавсумида муборак ҳаж ибодатини адо этган зиёратчилар, жумладан, 100 нафар “Президент ҳожилари” юртимизга эсон-омон қайтиб келишди.


Сирдарё вилоятидан Президент ҳожиси мақомига сазовор бўлган 4 нафар ҳожимиз ҳам соғ-саломат юртга етиб келди.
Ҳожиларимиз кўзларида қувонч ва шукроналик ёшлари билан “Президент ҳожиси” сифатида муқаддас сафарни адо этиб келганларидан беқиёс мамнун эканликларини изҳор этмоқдалар.

Улар ушбу юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдириб, муқаддас заминларда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиёти учун дуолар қилганликларини таъкидладилар. Шунингдек, Президентимизга Аллоҳ таолодан сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва масъулиятли фаолиятларида улкан зафарлар тилаб, Ватанимиз осмони мусаффо, юртимиз тинчлиги бардавом бўлишини сўраб дуо қилганликларини қайта-қайта эътироф этмоқдалар.

Ҳожиларни Сирдарё вилояти ҳокимининг дин ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўйича котибияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги масъул ходимлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари самимий кутиб олиб, уларни муборак ҳаж ибодатини адо этганликлари билан табрикладилар.


Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.