2025 йил 5 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда юртимиздан 2025 йилда муборак Ҳаж сафарига борган ҳожилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Қурбон ҳайити муносабати билан йўлланган табрикларда “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ғояси илгари сурилган эди.
Ушбу эзгу ғоя доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 16 декабрь куни Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги «Абу Бакр» жоме масжидида бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг масъул ходимлари, туман бош имом-хатиблари, отинойилар, шунингдек «Ҳаж–2025» сафарида бўлиб қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этдилар. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили Ҳабибуллоҳ домла Зокиров раҳбарлик қилди.




Дастлаб Ҳабибуллоҳ домла Зокиров кун давомида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар, ишчи гуруҳ аъзоларининг масъулиятлари ҳамда имом-хатиблар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг тумандаги 7 та масжид имом-хатиблари ҳамда шаҳар-туман бош имом-хатиблари «Ҳаж–2025» ҳожилари билан биргаликда 20 та маҳаллага ташриф буюрдилар. Ташрифлар давомида 100 дан зиёд хонадонга кирилиб, аҳолининг турмуш шароити, муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилди.

Жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур маънавий тавсиялар ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, турли носоғлом ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан яккама-якка суҳбатлар ўтказилди.


Тадбир доирасида имом-хатиблар томонидан 7 тоифага мансуб 100 та оилага, отинойилар томонидан эса 4 тоифага мансуб 18 та оилага ташриф буюрилиб, жами 118 та хонадонда маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам ишлари амалга оширилди.

Ушбу тадбирнинг асосий мақсади — юртимизда инсон қадри ва шаъни улуғ эканини яна бир бор намоён этиш, аҳоли ўртасида яхшилик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, шунингдек ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш ва уларни тўғри йўлга йўналтиришдан иборатдир.
Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.