Барчаларимиз Аллоҳ таоло берган неъматларига шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга насиҳат қилайлик. Илм ва динда машҳур уламоларимиз айтган панду-насиҳатларига амал қилиб мазҳабимизга содиқ бўлайлик. Дунё ва диндаги фитна, алдов, ёлғон, туҳмат, ҳасад каби иллат ва гуноҳлардан сақланайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга буюради: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).
Фитнанинг энг улкани бу Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши ҳисобланади. Масалан Сурияда террорчилар тамонидан содир бўлаётган ҳужумлар, оммавий қатллар, масжид ва бошқа дин вакилларнинг ибодатхоналарни вайрон этиш, озчилик миллатларни таъқибга олиш ва бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш каби ваҳшиликлар фитнадан бошқа нарса эмас. Шунинг учун барча мусулмонлар фитналардан сақланиб Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмасликлари лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”, (Шуро сураси, 151-152-оят).
Инсон турли фитна, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, одамлар ўртасида тафриқа солиш, ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий ишлардан ўзини тиймоғи керак. Мамлакатимизда яшовчи барча халқлар бир-бирлари билан тинч-тотув яшашга интилиши лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) умматларини бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар: “Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. Демак, Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига умматларининг қиёмат кунига қадар дуч келишлари мумкин бўлган кўплаб фитналар ҳақида хабар берган ва улардан огоҳлантирган.
Инсон маҳалла ичидаги насиҳат қилувчиларга, улуғларга ва масъулларга яқин бўлиб, улар атрофида парвона бўлиб, улардан асло ажрамаслиги лозим бўлади. Бу ҳақда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Барака улуғларингиз билан биргадир”, (Ҳоким ривояти). “Ким жамоатдан бир қарич ажралиб чиқиб вафот этса, жоҳилият ўлимини топган бўлади”, (аш-Шиҳоб ал Қузоъий ривояти).
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур.
Ҳозирги пайтда яна бир фитна ҳақида гапирмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади. Бу ҳам бўлса, дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига, маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга интилиши катта фитналарга сабаб бўлмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу “маданият” ёшлар ахлоқига салбий таъсир кўрсатади. Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди. Шунинг учун фарзандларимизга тарбия берганда Ватанга муҳаббат, ота-она, оиласига эҳтиром, миллий қадриятларга риоя қилишни ўргатиб, уларга ўсган тупроғи отаси эканлигини ва у билан бирга улғайган дарахт онаси тебратган бешик эканлигини тушунтириб она юртга муҳаббатли бўлишларини уқтирайлик. Яна бир гап, буни қалбдан сезмаган, элдан чиқиш дегани. Элдан чиқиш эса, имондан қайтиш демакдир.
Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Инсонлар бундай шароитларда ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари керак. Чунки ҳар бир фитна ортида ғаразли мақсадлар борлигини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. Бундай фитналардан мамлакатимиз мусулмонлари ҳам ниҳоятда огоҳ бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни ва динимизни турли хил фитналардан асрасин.
Амижон Исмоилов,
Сирдарё туман бош имоми ва
“Янги-ҳаёт”жоме масжиди имом–хатиби