Ўтганларни хотирлаш – яхши  амал

Халқимиз томонидан нишонланадиган кўплаб байрамлар бор. Улардан бири, Хотира ва қадрлаш кунидир. Бу сананинг алоҳида аҳамияти бор. Зеро, бу кун ўтмишда ўз ҳаётини Ватанимиз озодлиги йўлида фидо қилиб, бугунги ёруғ кунларимизни кўрмай ўтиб кетган юртдошларимизнинг ўчмас хотираларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромдир. Ислом дини инсон қадрини юқори кўтарган. Унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам бирдай қадр-қимматга эгадир. “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…” (Исро сураси, 70-оят).

Аллоҳ таоло бу дунёда инсонни қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилади. Инсон шу имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтса, Аллоҳ таолонинг мукофотларига сазовор бўлади. “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва, албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155-157-оят).

Аждодларимиз бошларига келган мусибат, қора кунлар, қатағон йилларининг даҳшатлари олдида сабрли бўлиб ўзликларини асло йўқотишмади, келажакка умид билан қарадилар. Аллоҳга шукрлар  айтамизки, аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватан озодлиги ва мустақиллик  кунларда яшамоқдамиз. Истиқлол йилларида аждодлар хотирасини қадрлаш, юрт озодлиги йўлида вафот бўлганларнинг руҳларини шод этиш учун махсус санани белгилаш дилимиздаги иш бўлди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳар йили, 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса инсон зотига ва унинг ёдига бўлган эҳтиромдир. Шунинг учун ҳам пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар доим гавжум. Жанггоҳларда жон фидо этган ватандошларимизнинг номлари “Хотира китоби”нинг зарҳал варақларига мангу муҳрланган. Туманимиз марказида ҳам аждодлар хотирасини ёд этишга бағишланган майдон бўлиб, унда мармар тошларга уларнинг номлари ёзилган. Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли ишларни қилиб, қабрларини обод қиламиз, хамиша хотирлаб,  Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва қабрларини зиёрат қилиш барчамизнинг бурчимиздир. “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”! (Ҳашр сураси, 10-оят). Бу борада Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам:  “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Мамлакатимизда юртдошларимиз хайрли амаллар қилаётган бир пайтда Сурияда террористлар томонидан бузғунчиликлар содир этилмоқда. Бизда  қадамжолар зиёрат қилинмоқда, тарихий обидалар обод қилинмоқда. Сурияда эса бир неча минг йиллик обидалар вайрон, муқаддас  қадамжолар оёқ ости қилинмоқда, Биз уларнинг бу каби қабиҳ ишларни қоралаймиз ва юртимизда ҳукм сураётган тинчлик нақадар бебаҳо неъмат эканлигини, бу муқаддас неъматни сақлаш ва бардавом этиши учун ҳар бир фуқаро масъулиятини ошириш муҳимлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларимизнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага келганларидан кейин шундай марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади”    (Имом Термизий ривояти).

Мозорларни обод қилиш, қабрлар атрофини тартибга келтириш ҳам зиммамиздаги бурчлардан эканини унутмаслигимиз зарур. Имкон қадар кўкаламлаштириш, чунки гиёҳлар майитга тасбеҳ айтади. Агар биз аждодларимиз руҳларини шодлантириш мақсадида хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Ватан йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш ҳам шунчалик муҳимдир.

Мамлакатимиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ  ёш авлодга,  нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, уруш қатнашчилари, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг ҳаёти фаровон бўлиши учун  бир қатор қарорлар қабул қилиндики, бу нарса барчани чин дилдан хурсанд этди. Кексайган ота-оналарни қадрлаш, ҳурматлаш лозим. Чунки улар хонадонга баракотлар келтирадилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам:  “Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга ҳам яхшилик қилишади …”, деганлар (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин.

Аминжон Исмоилов

Сирдарё тумани бош имоми ва

 “Янги-ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

 (Жума мавъизалари асосида тайёрланди)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan