Луқмаи ҳалол

Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсаларнинг ҳалол-покларини енглар», деб буюрган (Бақара сураси, 168-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалолни излаш фарздан кейинги фарздир», деганлар. Бунинг маъноси шуки, иймон, намоз, рўза, закот  ва ҳаж каби ислом арконларидан кейинги фарз ҳалолни излашдир. Бошқа бир ҳадисда эса «Ҳалолни излаш ҳар бир мўминга фарздир», дейилган.

Ҳаром луқма билан кўкарган жисм дўзахда ўтин бўлиб ёнишга лойиқроқдир. Барака, аҳиллик нимадан кўтарилади?. Юздаги нур, суҳбатдаги файз нима учун йўқолади? Нега ҳамма имкониятлар бўлатуриб ишлар ривожланмайди? Нима учун яхшилик сари юриб турган ишлар арзимаган сабаблар билан орқага кетади?. Шубҳа ва ҳаром, нохақлик билан ўзлаштирилган мулкнинг энг аввалида уларни ҳалол қилиб кўрсатган луқмаи ҳаром туради.

Жамиятдан аҳиллик, баракани кетказадиган, юзнинг нурини сўндирадиган, суҳбатлардаги файзни кетказадиган, яхшиликларнинг фойдасини кўтарадиган, қолаверса, жамиятда фисқу фасодга йўл очадиган бош сабаблардан бири ҳаром луқмадир.

Ота-она боласини яхши умидлар билан вояга етказади. Фарзанди бошқалардан кам бўлмай  камол топиши учун ўзини ўққа, чўққа уради. Шу жараёнда ким тарбияга ва луқма ҳалол бўлишига аҳамият қилмаса, ўғил-қизи вояга етганда унинг ақли, дунёқараши билан ҳисоблашганда афсус, надоматда қолади.

Шубҳа ва ҳаром луқма билан катта бўлган болани товонга кирган зирапча ёки томоққа тиқилган суякка ўхшатиш мумкин.  Бу кабилар икки оламда бадбахт  бўладилар. Итоатсизлиги, гап қайтариши, катта-кичикнинг ҳурмат-иззатини билмаслиги, ота-онани ҳурмат қилмаслиги, худбин шахсга айланишига кўпроқ ҳаром луқма сабаб бўлади.

Аллоҳдан қўрқиб ҳалол касб қилиш, шубҳа-гумондан узоқ бўлиш нажот йўлидир. Аммо ҳаром ва шубҳали касбларнинг турлари кўп: судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик – қай ҳолат билан бўлса-да, у ўғриликдир. Бозорлардаги ёлғон ва алдовлар, нотўғри нарҳлар ҳеч қачон эгасига наф бермайди, қандай йўл билан келган бўлса, шундай холда кетади.

Рўзғорнинг бошлиғи бўлган катталар ёшлардан ҳалолликни талаб қилиб,  уни назоратга олишлари шарт. Бу келажак авлод ҳақида қайғуриш, уларни бахтли ва порлоқ келажакка тайёрлаш бўлади.

Саҳобий  аёллар эрларини ишга кузатар эканлар: “Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқинг! Бизга ҳалол  луқма келтиринг! Ҳалқумимизни ҳаром қилишдан сақланинг! Очликка, сувсизликка чидаймиз, лекин Аллоҳнинг  азобига чидолмаймиз! Бизга раҳмингиз келсин! Аллоҳдан қўрқинг!” – деб қайта-қайта эслатиб турганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳалол касб-корларимизга барака бериб, доимо ҳалол-покиза ризқ-насибалар ато айласин. юртимздаги файз-баракани унданда зиёда қилсин! 

Алиқулов  Абдуқодир

Боёвут тумани «Хазрати Ҳизр»

масжиди имом ноиби 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan