Қабр зиёрати – кўнгил ҳаловати

Қабристон зиёрати кўнгилни юмшатади, виждонни уйғотади, қалбдаги ёмонликларни бартараф этади.

Муқаддас ислом динимизда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига таъаллуқли бўлган таълимотлар мукаммал баён этилган. Ўтганларни хотирлаш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш борасида ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга асосланган кўрсатмалар, ахлоқий одоблар мавжуд.

Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

«Улардан (мусулмонларнинг) кейин келганлари: «Эй роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нисбатан ғилли ғаш қўймагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят)

Дунёдан ўтган аждодларимиз, қариндош-уруғларимиз дафн этилган қабристонларга бориб, уларнинг ҳақларига Қуръон тиловати ва дуолар қилишимиз билан қабристон аҳллари баҳраманд бўлади ва бунда биз тириклар учун ҳам жуда кўп маънавий манфаатлар бор.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки улар сизларга охиратни эслатади», дедилар. (Имом Термизий ривояти)

Албатта, мусулмон киши барча қилган яхши амаллари учун Аллоҳ таолодан ажрини умид қилади. Қабристонга бориб, у жойда ўзига керакли ибрат олиши ва охират ҳақида мушоҳада қилиши, у инсоннинг бу дунёда кўпроқ яхши амалларни қилишига сабаб бўлади. Марҳумларни хотирлашда Аллоҳ таолонинг розилиги қасд қилиниши шарт. Ана ўшанда биз тириклар учун ҳам, марҳумлар учун ҳам манфаатли бўлади. Бунинг учун муқаддас динимиз кўрсатмаларига асосланадиган бўлсак, кўзлаган мақсадимиз хосил бўлади. Аксинча, ошиқча дабдаба, бидъат-хурофат билан бажариладиган бўлса, бунда нафақат савобдан бебаҳра қолади, балки гуноҳкор бўлиб қолишга сабаб бўлади.

Сўнги йилларида юртимизнинг барча жабҳаларида ислоҳотлар олиб борилаётгани каби аждодларимиз қўним топган қабристонларнинг ҳам обод бўлишига алоҳида эътибор берилмоқда. Қабристонларнинг ташқи кўриниши обод қилинмоқда. Марҳумларни хотирлаганимизда зиёрат одобини ўзимизга лозим тутмоғимиз керак. Қабристонда кулиш, баланд овозда гапириш, дунёвий сўзларни сўзлашдан сақланиб, умримизни қандай ўтказаётганимиз савоб-гуноҳ ҳамда охират ҳақида тафаккур қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Қабристонларни ҳашар йўли билан обод қилиш юртимизда ўзига хос анъанага айланган.

Султон Жангиров

Боёвут туманидаги “Насруллохон”

жоме масжиди имом-хатиби 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan