Тинчликка шукрона – улуғ фазилат

Диёримизда тинчлик-омонлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани буюк неъмат бўлиб, юрт тинчлиги қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур. Ана шулардан хулоса қилиб, турли хил низолар, ҳар хил тушунмовчиликлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин каби офатлар рўй бермаслигини истасак, Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир», – дейди (Иброҳим сураси, 7-оят). Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди. Ҳақиқатан тинчлик бўлиб турса кўнгилга тўй-ҳашам, хурсандчилик сиғади. Юрт тинч бўлса, тараққиёт-ривожланиш бўлади, аҳоли меҳнат қилиб, ризқини териб яшайди. Уй-жой ҳам қилади. Шунинг учун ҳам бу неъматларнинг қадрига етишимиз лозимдир.

Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб:

«Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади», – деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан бири – бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб ҳар-хил офат ва балолар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлмоқдамиз. Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқдалар. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида ҳаётимиз осуда давом этмокда. Аллоҳ таолодан юртимизнинг янада обод-кўркам бўлишини сўраймиз. Омин!

Ёрбеков Абдурауф

Ховос тумани “Абу Ҳанифа”

жоме масжиди имом-хатиби 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan